«Телба», «Ака-ука Карамазовлар», «Жиноят ва жазо» каби жаҳон адабиёти дурдоналари муаллифи Фёдор Достоевский ижоди тириклик даврларида ҳам, вафотидан кейин ҳам турли баҳс ва мунозараларга сабаб бўлган. Жумладан, Николай Некрасов, Виссарион Белинский ва бошқа кўплаб адабиёт намояндалари уни кўкларга кўтарса, Владимир Набоков унинг ижодига кескин танқидий руҳда қараб, ёзувчини «Арзон журналист» деб атайди.

Нима бўлганда ҳам, буюк мутафаккирга давр ўз баҳосини берган ва асарлари ҳозирда бутун дунёда энг кўп ўқиладиган, мушоҳада қилинадиган адиблар сирасига киради. «Дарё» ушбу буюк ёзувчининг ҳаёт ва ижод йўлига назар ташлайди.

Фёдор Достоевский

Фото: Google Images

Болалик ва ёшлик йиллари

Фёдор Михайлович Достоевскийнинг отаси Михаил Андреевич Достоевский ва онаси Мария Нечаева 1820 йилнинг 14 январида турмуш қурганди. Отасининг касби шифокор бўлиб, 1820 йилнинг охирида, биринчи фарзанди Михаил туғилганидан сўнг, ўзи ишлаётган ҳарбийлар шифохонасидан бўшайди. Шундан сўнг у Москвадаги камбағаллар учун мўлжалланган Мариинский шифохонасига кўчиб ўтади. Оилада иккинчи фарзанд ҳисобланган Фёдор 1821 йилнинг 11 ноябрида ўша шифохонада туғилган. Биографларнинг фикрига кўра, бўлажак ёзувчининг исми бобосидан олинган. Унинг исм-шарифи Фёдор Тимофеевич Нечаев бўлганди.

Достоевскийлар оиласида патриархал урф-одатларга қатъиян риоя қилинарди. Хўжалик тартиби ҳам отасининг бандлигига қараб белгиланарди. Михаил Достоевский ҳар куни соат олтида уйғониб, шифохонада эрталабки кўрикни ўтказар, сўнгра беморларни уйларига олиб борарди. Соат ўн иккида у оиласи билан тушлик қилиб, дам оларди ва яна ишига қараб кетарди. Соат роппа-роса кечки тўққизда одатий дастурхон ёзилар ва кечки овқатни тановул қилиб бўлгач, болалар ибодат қилар ва ота-онасига хайрли тун тилаб, ухлагани ётарди. Ёзувчининг эслашича, кундалик ҳаёт одатда шундай ўтган.

1822 йилнинг охирида синглиси Варвара туғилганидан сўнг, Алёна Фроловна исмли аёл Достоевскийлар оиласига энага сифатида ишга ёлланади. Ёзувчида у билан боғлиқ кўплаб илиқ хотиралар қолган. Унинг эслашига кўра, 45 ёшлар атрофидаги бу аёл болаларни меҳр билан катта қилган. Уларга бир-биридан ажойиб эртаклар айтиб берган. Достоевский ўз энагасини «Иблислар» романида (1871–1872) тилга олади.

1825 йилнинг март ойида оиладаги навбатдаги фарзанд Андрей туғилганидан сўнг, улар касалхонанинг чап флигелига (асосий бино ёнидаги қўшимча иморат) кўчиб ўтади. Янги квартира, Андрейнинг эслашича, иккита хона, кириш зали ва ошхонадан иборат бўлган. Улар «Олов қуш», «Алёша Попович», «Кўк соқол», «Минг бир кеча» ва бошқа эртакларни эшитиб улғайган. Уйда меҳмон бўладиганларнинг кўпчилиги отасининг ҳамкасблари ва уларнинг оилалари эди. Кейинчалик уларнинг кўпчилиги ёзувчининг асарларида тилга олинган.

1832 йилда Достоевский ва унинг акаси уйда ёлланган ўқитувчилардан таълим ола бошлайди. 1833 йилдан улар Николай Иванович Драшусов пансионатида, кейин эса Карл Чермак Леонтевич пансионатида таълим олади. Бўлажак ёзувчининг маънавий ривожланишида унинг устози — рус тили ўқитувчиси Николай Билевичнинг бир қадар хизмати сингган.

Ёзувчи ўзининг кўплаб асарларида пансионат ҳақидаги хотиралардан фойдаланган. Таълим муассасаларидаги муҳит ва оиласидан айролик Достоевскийнинг руҳиятига оғир таъсир қилади. Масалан, Михаил ва Фёдор уйда бошланғич таълимни олганидан сўнг Николай Драшусов пансионатида ўқийди. Ўша мактаб Достоевскийнинг «Ўсмир» романидаги (1875) «Тушар пансионати» прототипига айланган. Шу билан бирга, ўқиш йилларида Достоевскийда билим олишга иштиёқ уйғонади.

1837 йилда ёзувчининг онаси вафот этади. Шундан сўнг отаси Фёдор ва унинг укаси Михаилни Петербургдаги ўқув юртига олиб боради. Бўлажак ёзувчи отасини сўнгги бор кўраётганди, чунки отаси ҳам 1839 йилда вафот этади. Расмий маълумотларга кўра, у апоплектик инсультдан вафот этган. Лекин оила аъзолари уни крепостнойлар томонидан ўлдирилган деб билади.

Фёдор Достоевский ўқишни 1843 йилда тамомлаган. Кейин у Санкт-Петербург муҳандислар гуруҳига дала муҳандиси ва подпоручик (чорлар армиясидаги ҳарбий унвонлардан бири) сифатида қабул қилинади. Лекин орадан бир йил ўтиб, Достоевский у ердан истеъфога чиқади. У адабиёт билан шуғулланишга ва бутун умрини ижодга бағишлашга қарор қилганди.

Шу йиллар давомида Фёдор Достоевский турли даврга мансуб Европа адабиёти вакиллари ижоди билан мунтазам танишиб бораётганди. Гомер, Оноре де Бальзак, Виктор Гюго, Шекспир каби жаҳон классикларини мутолаа қиларди. Шунингдек, у Михаил Лермонтов, Николай Гоголь, Николай Карамзин каби шоир ва адибларни ҳам ўқирди. Фёдор Достоевскийнинг болалигидан севиб мутолаа қилган шоирларидан бири Александр Пушкин эди. Ёзувчи унинг қаламига мансуб кўплаб шеърларни ёддан билган.

Фёдорнинг укаси Андрей Достоевский адибнинг Пушкин ижодига бўлган муҳаббати ҳақида шундай эслайди:

Акам Фёдор катта акам Михаилга: ‘Агар уйда оилавий мотам бўлмаганида, дадамдан Пушкин учун мотам тутишни сўраган бўлардим’, — деган.

Пушкин ҳам Достоевскийнинг онаси каби 1837 йилда вафот этган. Унинг учун ҳам мотам тутишни истаган ёзувчининг ўша пайтда ичидан нималар ўтганини тасаввур қилиш мумкин.

Ижод йўли

1845 йил май ойининг охирида Фёдор Достоевский ўзининг илк романи — «Камбағаллар»ни ёзиб тугатади. Романда хўрланган, ижтимоий адолатсизликлар қурбонига айланган кишилар тақдири ҳақида ҳикоя қилинган бўлиб, ўша йиллардаги йирик адабиёт вакиллари — Николай Некрасов ҳамда Виссарион Белинскийлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинади. Некрасов Белинскийга ёзган мактубида келажаги порлоқ ёзувчи ҳақида «Гоголь қайта туғилди» дейди ва романни ўзининг «Петербург тўплами» антологиясида нашр эттиради. Белинский, ўз навбатида, ушбу роман ҳақида шундай фикр билдирган:

Роман Русдаги турмуш тарзи ва одамлар ҳақида аввал бировнинг тушига ҳам кирмаган сирларни ошкор қилади. Бу бизнинг ижтимоий роман йўналишидаги биринчи уринишимиз ва боз устига, у шундай яратилганки, одатда санъаткорлар бундан нима чиқишини ўзлари ҳам англамаган ҳолда амалга оширади.

Сўнгра ёзувчи Белинскийнинг адабий тўгарагида ўзининг кейинги асари — «Қиёфадош» қиссасидан (1846) парчалар ўқиб беради. Лекин асарнинг тўлиқ варианти жамоатчиликнинг ҳафсаласини пир қилади. Асар ўқувчилар томонидан қандай қабул қилиб олингани тўғрисида Фёдор акасига шундай деб ёзганди:

Бизникилар ва бошқа барча томошабинлар Голядкинни ўта зерикарли ва сусткаш деб, асарни эса ҳаддан ташқари чўзиб юборилган деб топди ва шу сабабли уни ўқишнинг иложи йўқлигини айтди.

Кейинроқ у асарни қайта ишлайди. Баъзи иккинчи даражали қаҳрамонлар ва тавсифларни олиб ташлайди. Қаҳрамонларнинг ўй-фикрлари ва узун диалогларни қисқартиради.

1847 йилда Достоевский социализм ғоялари билан қизиқади ва Михаил Петрашевский (1821–1886) бошчилигидаги тўгаракка ташриф буюради. У ерда китоб чоп этиш эркинлиги, судларни ислоҳ қилиш, деҳқонларга эркинлик бериш масалалари муҳокама қилинарди. Тўгарак йиғилишида Достоевский Белинскийнинг Гоголга ёзган тақиқланган мактубини ўқиб беради. 1849 йил апрель ойининг охирида эса ёзувчи ҳибсга олинади. Суд уни «адабиётшунос Белинскийнинг дин ва ҳукуматга нисбатан жинояткорона руҳдаги мактубини оммага ошкор қилингани тўғрисида хабар бермагани учун энг асосий жиноятчилардан бири» деб топади ва ўлимга ҳукм қилади. Бироқ нуфузли кишилар аралашувидан сўнг подшо Александр II ўлим жазосини тўрт йиллик каторга сургуни билан алмаштиради. Фёдор Омскдаги тўрт йиллик оғир меҳнатдан сўнг Семипалатинскда оддий аскар сифатида ҳарбий хизмат ўтайди. Ёзувчига 1856 йилда Александр II тож кийиш маросимини ўтказаётган вақтда амнистия берилади.

Фёдор Достоевский (ўнгда) ҳарбий хизмат даврида

Фото: Соломон Лейбин

Фёдор Достоевский Омск қамоқхонасидаги оғир ҳаёт ҳақида ўзининг «Ўлик уйдан мактублар» (1861–1862) асарида ифодалаган. Бу асар адиб замондошлари учун ҳақиқий кашфиётга айланади. Иван Тургенев асарни Дантенинг «Дўзах»ига қиёслайди. Яна бир ижод кишиси Александр Герсен уни Микеланжелонинг «Даҳшатли суд» фрескаси билан таққослайди. Асар жанри борасида адабиётшунослар ҳанузгача тугал бир қарорга кела олмайди. Асар, бир томондан, муаллиф хотираларига асосланган бўлиб, уни мемуар деб аташ мумкин. Бошқа томондан, ундаги қаҳрамон ўйлаб топилган ва ёзувчи аниқлик ва хронологик тамойилларга ҳар доим ҳам амал қилавермайди.

Адибнинг энг йирик адабий ишларидан бири «Хўрланганлар ва ҳақоратланганлар» романи бўлиб, у ҳам 1861 йилда муаллиф ва унинг укаси таҳрири остида нашр қилинади. Роман ёзувчининг давр муаммоларини акс эттирган биринчи жиддий асари эди. Асар икки қисмдан иборат бўлиб, бир ярим йиллик воқеаларни ўз ичига олган. Сюжет марказида Ваня исмли ёш йигит туради. Иккинчи қисмда эса Елена исмли ўн уч ёшли қиз ҳақида сўз ҳикоя қилинган.

Романда зарур ёрдам ва ҳимоячиларсиз қолган камбағаллар ҳаёти тасвирланган бўлиб, улар пул ва қонун кучи билан қуролланган қудратли шахслар томонидан камситилиши ва хўрланиши очиб берилган.

Танқидчилар романни вазминлик билан қарши олади. Бунга сабаб, катта эҳтимол билан, ёзувчининг яқиндагина сургундан қайтгани эди. Фақат «Современник» журнали камчиликларни кўрсатиб, ижобий баҳо беради.

Йирик асарлари ҳақида

Достоевский Лев Толстойнинг «Уруш ва тинчлик» романи билан тенг келиши мумкин бўлган роман-эпопея яратмоқчи эди, бироқ моддий етишмовчиликлар (у кўпинча пулга муҳтож юрарди) бу режани амалга оширишга халақит беради. Натижада, у ўз ғоясини бешта бир-биридан мустақил романга айлантиради. Булар «Жиноят ва жазо», (1866), «Телба» (1868), «Иблислар» (1871–1872), «Ўсмир» (1875) ва «Ака-ука Карамазовлар» (1879–1880) романлари эди.

«Жиноят ва жазо» романи реализм услубида ёзилган ва унда тасвирланган воқеалар ўзининг аччиқ ҳақиқатлари билан ўқувчининг онг ва шуурига сингиб кетади. Асарда Достоевский томонидан олға сурилган асосий ғоя — тавба қилишнинг муқаррарлиги. Маънавий жазо қонуний жазодан кўра даҳшатлироқ ва оғриқлироқ эканини муаллиф ўқувчига кўрсатиб бера олган. Жиноятчи ортида умуман из қолдирмай, ердаги суддан қутулиб қолган тақдирда ҳам, жазо муқаррар. Самовий адолатга чап бериб бўлмайди, чунки унинг пойдевори ҳар биримизнинг қалбимизга қурилган. Одамнинг ичини қиймаловчи виждон азоби гуноҳлар учун тўланган товондир. Ҳар бир жиноят ортида жазо муқаррар ва бунда инсон кўзи илғамайдиган илоҳий адолат мужассам.

Китоб мазмуни асосий саволга бериладиган жавобда яширин: Расколников хато йўлдан бораётган бўлса, унда тўғри йўл қайси? Ижтимоий адолатсизликни қандай ўнглаш мумкин? Достоевский нажот ишончда эканлигини кўрсатади. У тўғри йўлни кўрсатиб, севишга, умид қилишга ва яқинларга ёрдам қўлини чўзишга ўргатади.

«Телба» романи ҳам ёзувчининг энг кўзга кўринган асарларидан бири ҳисобланади. Роман ҳар доимгидек ёзувчи ҳаётининг жуда оғир дамларида яратилган. Асар устида ишлаётган вақтида қарз берувчилар ва нашриёт томонидан босимга учраб, у қўлидаги сўнгги пули билан Россияни тарк этишга мажбур бўлади. Ишни Швейцарияда давом эттиради. Тушкун кайфияти, соғлиғининг ёмонлиги, ноқулай об-ҳаво шароитини енгиб ўтган Достоевский уни бир амаллаб охирига етказади. Лекин асар ғоясини ўқувчига тўла етказиб бера олмадим деб ҳисоблаб, ижодидан бироз ҳафсаласи совийди.

Адиб романда ўзи яшаётган жамиятни бор чиркинликлари билан тасвирлаб беради. Кўплаб иллатлар, қашшоқлик ва телбалик одамларни ўз исканжасига олиб, уларни ғазабнок ҳайвонларга айлантиради. Ҳатто юксак одоб-ахлоқ соҳиби шаҳзода Мишкин ҳам бу жирканч ишларга қарши туришга ожиз эди. «Телба»да одамлар эътиқоди сустлашиб, бўш урф-одатларга айлангани ва одамлар ичидаги ёвуз куч билан курашишда ортиқ таянч бўла олмаслиги кўрсатиб берилган. Шунингдек, ёзувчи одамларда ҳали ҳам умид борлигига ишора қилади.

«Ака-ука Карамазовлар» ёзувчининг охирги романидир. Ушбу асарнинг ёзилиш тарихидан хабардор бўлган ўқувчига уни тушуниш осонроқ кечади.

Роман ёзувчининг 1849 йилги сургун даврларининг оғир фожиалари билан боғлиқ. Отасининг ўлимида ноҳақ айбланган Дмитрий Илинский исмли одамни ҳам у ўша ерда учратади. Каторга даври машаққатларга бой бўлган, лекин айни шу пайтлар Достоевскийнинг етук ёзувчи бўлиб шаклланишида муҳим рол ўйнаган. Танқидчилар Дмитрий Карамазовнинг яна бир прототипи сифатида Достоевскийнинг дўсти — шоир, шарҳловчи Аполлон Григоревни кўради. У ўзининг жўшқин табиати ва шов-шувли саргузаштлари билан машҳур эди. Старая Русса шаҳри Скотопригоневск прототипига айланган — романда тасвирланган уйлар ҳалигача сақланиб қолган. Муаллифнинг ўзи истиқомат қилган уй эса музейга айлантирилган.

Достоевскийнинг Старая Русса шаҳридаги уй-музейи

Фото: «Museum.ru»

Достоевский романни ёзишга, юқорида таъкидланганидек, 1878 йилда киришади. Уч йилда ёзиб тугатади ва «Русский вестник» журналида икки йил давомида қисмма-қисм эълон қилиб борилади.

Адиб романда ён-верида содир бўлаётган ахлоқий таназзул муҳитини ифодалаб берган. Асарда ғазаб, очкўзлик, иккиюзламачилик каби иллатлар инсон қалбини ямламай ютиб юбориши ва уни қоронғилик тубига ғарқ қилиши кўрсатиб берилган. Қаҳрамонларга иллатларни енгишга ва яшашда давом этиш учун куч топишда ёрдам берадиган нарса эса эътиқод ва ишончдир. Ёзувчи умрининг охиригача ўз қарашларига содиқ қолади ва инсониятга бўлган ишончини йўқотмайди. У дунёдаги барча ёвузликлар, адолатсизликларга қарамай, инсон муҳаббат ва эътиқод ёрдамида ёруғликка қайтиши мумкинлигини таъкидлайди. Асарнинг асосий ғояси ҳам шу эди.

Адиб асарнинг иккинчи томни ҳам ёзишни режалаштирганди, лекин ўлим бу режанинг амалга ошишига тўсқинлик қилган.

Шахсий ҳаёт ва умрининг сўнгги йиллари

Достоевский ўзининг биринчи турмуш ўртоғи Мария Исаева билан каторгадан қайтганидан кўп ўтмай танишган. Икки ёш турмуши етти йил, 1864 йилда Мария тўсатдан вафот этгунига қадар давом этади.

1860 йиллар бошида чет элга қилган илк саёҳатларидан бирида Достоевскийни Аполлинария Суслова исмли ҳур фикрли аёл ўзига жалб қилади. «Қиморбоз» асаридаги Полина, «Телба»даги Настастя Филипповна ва бошқа бир қатор аёл образлари айнан шу аёл сиймосидан олинган.

Ёзувчи 40 ёшга яқинлашган вақтда ҳам фарзанд кўрмаганди. Бу етишмовчиликни ёзувчининг иккинчи рафиқаси — Анна Сниткина тўлдиради. У нафақат вафодор аёл, балки ёзувчининг ёрдамчисига ҳам айланади: Достоевскийнинг романларини нашр эттириш вазифасини ўз зиммасига олади, барча молиявий муаммоларни оқилона ҳал қилади ва турмуш ўртоғи ҳақидаги хотираларни нашрга тайёрлайди. Фёдор Михайловий «Ака-ука Карамазовлар романини унга бағишлайди.

Анна Сниткина

Фото: РРNews

Анна Григоревна Достоевскийга тўртта фарзанд туғиб беради: София, Любов, Фёдор ва Алексей. Афсуски, биринчи фарзанди София туғилганидан бир неча ой ўтгач вафот этади. Фарзандларидан фақат Фёдор отасининг ёзувчилик ишини давом эттирган.

1859 йилда Семипалатинскдаги ҳарбий хизматдан қайтиб келган Достоевский 20 йил ичида Россия ва Европадаги энг таниқли ёзувчилардан бирига айлана олди. Унга ҳар ой мухлисларидан юзлаб мактублар келарди.

Шунга қарамай, унинг соғлиғида жиддий муаммолар бор эди. Достоевский деярли бутун умри давомида тутқаноқдан азият чеккан ва 1870 йиллар бошида унда нафас олиш тизими билан боғлиқ касалликлар ривожлана бошлаган: сил, сурункали бронхит ва амфизем. 1881 йил 10 февралда у Пушкин вафотига бир йил тўлгани муносабати билан уюштирилган кечада нутқ сўзлаши керак эди, лекин бу амалга ошмайди.

Тадбирдан бир неча кун аввал ёзувчининг аҳволи оғирлашади. Бир неча бор томоғидан қон кетади. Доимий эпилептик хуружлар ҳам уни ҳолдан тойдирганди. Шифокорлар Анна Григоревнага ёзувчининг ўпка томирлари жуда юпқа бўлиб қолганини айтиб, уни жисмоний ва руҳий зўриқишлардан эҳтиёт қилиш кераклигини тайинлаган.

9 февраль куни у барча яқинлари билан видолашиб, кечга бориб, жони узилади. Ўша куни Достоевский яшаган хонадон унинг вафот этганини эшитиб, видолашмоқчи бўлган одамлар билан тўлиб кетган. Рассом Иван Николаевич Крамский ўлимидан сўнг унинг суратини чизган.

Достоевскийдан иқтибослар

  • Раҳм-шафқат бутун инсоният учун тирикликнинг энг муҳим ва, эҳтимол, ягона шартидир.
  • Эрк — бу шаталоқ отиш эмас, балки ўзингни назорат қила олишинг.
  • Ҳар нарсанинг кесиб ўтиш хавфли бўлган чегараси бор. Бир марта ўтдингми, тамом, ортга йўл йўқ.
  • Бахт бу бахтнинг ўзида эмас — унга эришишда.
  • Ҳаётни унинг мазмунидан кўра кўпроқ севиш керак.
  • Рус халқи изтиробдан роҳат туядигандек.
  • Мақсадсиз ҳаёт инқирозга юз тутади.
  • Мутолаа қилмаслик бу фикр қилмаслик демакдир.
  • Роҳат-фароғатда бахт йўқ, бахт азоблар орқали сотиб олинади.
  • Дунёни гўзаллик қутқаради.