Бутун умрини ижодга бағишлаган, тўрт юздан ортиқ фильмлар мусиқасига муаллифлик қилган, мусиқа ва кино санъатига қўшган катта ҳиссаси учун «Оскар» ва бошқа кўплаб юксак мукофотларга лойиқ кўрилган бастакор Эннио Морриконе ҳақида «Дарё» ҳикоя қилади.

Эннио Морриконе

Фото: Getty Images / Робин Литтл

Илк қадамлар

Эннио Морриконе 1928 йилнинг 10 ноябрида Италия пойтахти Римда таваллуд топган. Бўлажак юлдузнинг онаси Либера Ридолфи уй бекаси эди, отаси Марио Морриконе эса жаз ансамблида труба чаларди. Эннио оилада беш фарзанднинг тўнғичи бўлиб, Адриана, Мария, Франка исмли уч синглиси ва Алдо исмли укаси бор эди. Алдо тўрт ёшида вафот этади.

Морриконелар уйида мусиқа садолари тез-тез янграб турарди. Оиладаги ижодий муҳит туфайли у ҳаётини мусиқасиз тасаввур қила олмасди. Унинг илк мусиқий тажрибалари амалга ошишига отаси туртки беради: нота ўқишни ва бир нечта мусиқий асбобларда куй ижро этишни ўргатади. Бу интилишлар натижа бериб, Эннио ўзининг илк композицияларини олти ёшидаёқ ёза бошлайди.

Эннио ўн икки ёшида Римдаги «Санта Чечилия» консерваторияси талабасига айланиб, мусиқа назарияси бўйича тўрт йиллик курсни олти ойда тугатишга муваффақ бўлади. Консерваторияда унга 20-асрнинг энг кўзга кўринган бастакорларидан бири Гоффредо Петрасси таълим берган. Эннио таълим даргоҳида учта йўналиш бўйича ўн бир йил таҳсил олган. Тиришқоқлиги сабаб труба сабоқлари ва чолғулаштириш (мусиқа асарини оркестр ёки ансамбл ижроси учун мослаш) дарсларидан ташқари, RCA овоз ёзиш студиясида 100 дан ортиқ қўшиқларга аранжировкалар қилади. Бу вақтда Марио Ланса, Жанни Моранди, Шарл Азнавур ва Пол Анка каби ижодкорлар билан ҳамкорлик қилади. Шу билан бирга, кино мусиқасига ихтисослашган оркестр таркибида ҳам фаолият юритади.

Морриконе ўша пайтлардаёқ ижодий иқтидорини янада такомиллаштириши ва яхшироқ ёза олиши мумкинлигини тушунарди. Ўзи бу ҳақида The Guardian нашрига берган интервьюсида шундай дейди:

Урушдан кейин Италияда кино саноати тез ривожланди, неореализм гуллаб-яшнади, лекин ўша янги фильмларда яхши мусиқа ҳақида умуман гап бўлмасди. Моддий аҳволимни яхшилаш учун кинога мусиқа ёзиш кераклиги ҳақида ўйлай бошладим. Лекин соҳа одамларига ҳеч қачон бундай илтимос билан чиқмаганман. Агар ишим ёқса, уларнинг ўзи менга мурожаат қилиши керак деб ўйладим. Шундай бўлди ҳам — бир режиссёр қўнғироқ қилди, кейин бошқаси, кейин яна, яна ва яна. Охир-оқибат, одамлар ишларимга яхши баҳо берадиган бўлди ва муваффақият эшиклари очилди. Ҳозир менга келаётган қўнғироқларнинг охири йўқ.

Катта ҳаёт

Консерваториядан сўнг Морриконе таниқли бастакорлар ва қўшиқчилар учун аранжировкалар қилади, Лучано Салче режиссёрлигидаги театр томошалари учун мусиқа ёзади, кўплаб таниқли бастакорлар учун гострайтерлик (машҳур инсон учун ёзиб берувчи киши) қилади. 1961 йилда Салче унга «Фашистлар етакчиси» фильми учун мусиқа ёзиб беришни таклиф қилади — бу Морриконенинг кино мусиқасидаги расмий дебюти эди. Лекин ундан аввал ҳам Франко Россининг «Дўстнинг ўлими» фильми мусиқасига ҳаммуаллифлик қилганди.

Морриконега бутун дунё бўйлаб машҳурликни Сержо Леоненинг «Бир сиқим доллар учун» (1964) фильми олиб келади. Шундан сўнг режиссёр ва бастакор ҳамкорлигидаги «Бир неча доллар кўпроқ» (1965), «Яхши, ёмон ва ёвуз» (1966), «Бир куни Ғарбда» (1968), «Бир сиқим динамит учун» (1971) ҳамда «Бир куни Америкада» (1984) каби вестернлари бирин-кетин намойиш қилинади. Шуниси эътиборга моликки, мазкур фильмларда италияликлар америкача тахаллуслардан фойдаланган. Масалан, Морриконе титрларда Ден Савио тахаллуси билан қайд этилган, актёр Жан Мария Волонте эса Жонни Уэльс сифатида, Леоненинг ўзи Боб Робертсон тахаллусини танлаган. Леоненинг биографи миллий вестернлардан зериккан италияликларни кинога жалб қилиш учун шу қарорга келишганини айтади.

Эннио Морриконе (чапда) ва Сержо Леоне (ўнгда) 

Фото: Getty Images / Жан-Марк Заорски

Сержо, аслида, Эннионинг болаликдаги синфдоши эди. Бироқ мактабни битирганидан сўнг алоқалари узилиб кетганди, кейин эса санъат оламида яна йўллари туташади. Морриконе 1963 йилда унга Сержо Леоне қўнғироқ қилгани тўғрисида шундай деган эди:

Бир йигит менга қўнғироқ қилиб, ортиқча гап-сўзсиз, бир лойиҳани муҳокама қилиш учун келаётганини айтди. Унинг фамилияси менга таниш туюлганди. Кейин у остонамда пайдо бўлган пайт ниманидир эсладим. Пастки лабининг ҳаракати мактабдаги бир танишимни эслатарди. Ундан сен бошланғич мактабдаги Леонемисан, деб сўрадим. У эса сен ўша трастеверлик Морриконемисан, деди. Бу ақл бовар қилмас ҳодиса эди. Мен мактаб давридаги эски суратимизни олиб, қарадим. Унда иккимиз ҳам бор эдик. Кўп йиллардан кейин яна учрашганимиздан жуда мамнун бўлдик.

Бастакорнинг айтишича, Леоне ўз фильмларида мусиқани биринчи ўринга қўярди. Морриконе аввал режадаги фильм учун мусиқа басталаган, Леоне эса улар асосида эпизодларни суратга олган. Ушбу картиналар учун яратилган мусиқалар классикага айланган. Лекин улар жуда қийин шароитларда ёзилган бўлиб, электр гитара, варган, гармоника, шунингдек, ҳуштак ва ҳаво оқимини кесаётган қамчи овозларидан фойдаланилган. 2006 йили The Guardian нашрининг «Бир сиқим доллар учун» фильми нима учун бу қадар таъсирли чиққани ҳақидаги саволига бастакор: «Билмадим. Бу Леоненинг энг ёмон фильми ва менинг энг ёмон мусиқам эди», — деб жавоб беради.

Шунга қарамай, улар биргаликда яратган фильмлар катта шуҳрат қозониб, икки санъаткорни кино оламидаги энг машҳур кишиларга айлантиради ва бу ҳамкорлик 1989 йилда режиссёр вафот этгунига қадар давом этади.

Эннио Морриконе Сержо Леонедан ташқари, Бернардо Бертолуччи, Лилиана Кавани, Пьер Пазолини, Франко Зеффирелли, Брайан де Палма, Жон Карпентер, Оливер Стоун, Педро Алмодовар, Роман Полански, Жорж Лотнер ва бошқа режиссёрлар билан ҳамкорликда фаолият юритган. Унинг Жорж Лотнер режиссёрлигидаги «Профессионал» фильмида фойдаланилган мусиқаси — Chi Mai катта машҳурликка эришган. Ушбу мусиқа 1971 йилда ёзилган, фильм эса 1981 йилда экран юзини кўрган. Мазкур асар ҳамон инсонлар қалбига ҳузурбахш кайфият улашишда давом этмоқда.

2004 йилда россиялик режиссёр Владимир Хотиненконинг «72 метр» фильми учун ҳам мусиқа ёзган. Бироқ Эннио барибир кўпроқ Леоне вестернлари учун ишлаган бастакор сифатида ном қозонганди. Бу, албатта, бастакорнинг ўзига ёқмасди. У бу ҳақида куйиниб шундай дейди:

Мен 400 та фильм устида ишлаганман. Улардан атиги ўттизтаси вестерн фильмлари эди. Агар рўйхатимга назар ташласангиз, вестернлар, севги драмалари, сиёсий фильмлар, триллерлар, ҳоррорлар (қўрқинчли фильмлар) ва бошқаларни кўрасиз. Яъни мен вестернлар бўйича мутахассис эмасман, сабаби турли йўналишларда ўзимни синаб кўрганман. Мен мусиқа мутахассисиман.

Морриконе Квентин Тарантинонинг биргаликда ишлаш борасидаги таклифига бир неча бор рад жавобини бериб, буни «унга жуда кам вақт бераётгани» ва «мусиқани ўйламай ишлатиши» билан изоҳлаган. Натижада Тарантинонинг «Манфур кимсалар» (2009) ва «Озод Жанго» (2012) каби бир қатор фильмларида, бастакор розилиги билан, у аввал басталаган мусиқий асарлардан фойдаланилган. Кейинроқ Морриконе барибир режиссёрнинг бошқа бир илтимосини ерда қолдирмайди ва «Манфур саккизлик» (2015) учун мусиқа ёзиб беради. Фильм бастакорга 88 ёшида биринчи «Оскар»ни олиб келади. Унгача Морриконенинг ушбу мукофотга беш марта номзоди қўйилганди. Бастакорнинг ўзи «Оскар» борасида қуйидагича фикр билдирган:

Мен, аслида, бу мукофотни 1986 йилда Ролан Жоффенинг «Миссия»си учун олишим керак эди. Айниқса, эски мусиқа ишлатилган «Ярим тунга яқин» фильми ғалаба қозонганини ҳисобга олсак. Ҳерби Ҳенкок аранжировкани қотирган, лекин у эски мусиқадан фойдаланган. Хуллас, «Миссия» билан таққослаб ҳам бўлмасди. Ўғирланган эди! Лекин, албатта, ўзимга қолса, «Оскар»ни ҳар икки йилда қўлга киритган бўлардим.

Кевин Тарантино (чапда) ва Эннио Морриконе (ўнгда)

Фото: Getty Images / Кевин Мазур

Унинг сўзларига кўра, буюртма олаётган вақтда дастлаб режиссёр билан бўлажак фильм ғоясини муҳокама қилади, сўнгра илҳомни кутмасдан, ўтириб, ишлайди. Мусиқа ўз-ўзидан келади. Морриконе ўз саундтрекларини фақат тижорат маҳсулоти деб ҳисобламасди. Улар орқали бастакор томошабинга видеотасвирда етказиш мумкин бўлмаган кечинмаларни англатишга ҳаракат қилган.

Кенг оммага Морриконенинг кўпроқ тижорий асарлари маълум бўлишига қарамай, у мусиқий авангардни беҳад севарди ва янги мусиқий тилни ишлаб чиқиш устида бош қотираётган Группо Нуова Cонсонанза бастакорлар гуруҳининг аъзоси эди. Шунингдек, у жаз, фанк каби йўналишларда ижодий тажрибалар ўтказган.

Умуман олганда, бастакор қарор қабул қилишга принципиал тарзда, ўжарлик билан ёндашарди. Голливуд билан яқин алоқасига қарамай, у Римда яшаш ва фаолият юритишда давом этган. У инглиз тилида мулоқот қилмасди ва, берган интервьюларига кўра, Голливуд саноатига нисбатан совуқ муносабатда эди. Хусусан, у бастакорларни тобеликда, аранжировкачилар ёрдамига қараб қолганликда айбларди. У бир сафар шундай дейди:

Мен «Эннио Морриконе томонидан ёзилган, аранжировка қилинган ва ижро этилган мусиқа» формуласини ихтиро қилдим. Бернард Ҳерманн барча мусиқаларини ўзи ёзган. Бах, Бетховен ва Стравинский ҳам худди шундай қилган. Мен айни дамда кино саноатида нималар юз бераётганини тушунолмай қолдим.

Улуғ бастакорнинг мусиқа ва кино санъатига кўрсатган хизматлари муносиб баҳоланиб, 2007 йилги «Фахрий Оскар» ҳамда «Манфур саккизлик» учун берилган «Оскар»дан ташқари яна бир қатор юксак мукофотлар билан тақдирланган. Жумладан, Британия Академияси мусиқа мукофотлари (1980, 1985, 1987, 1988, 1991, 2016), «Олтин глобус» (1987, 2000, 2016); «Гремми» (2009 йилда «Яхши, ёмон ва ёвуз» фильмига ёзилган саундтрек учун «Гремми»нинг махсус мукофотига лойиқ кўрилган; 2014 йилда мусиқа ривожига қўшган ҳиссаси учун эътироф қилинган), Швециянинг Қутб мусиқа мукофоти (2010 йили, «Кино учун мусиқа яратишга қўшган улкан ҳиссаси учун»). Бундан ташқари, 2009 йилда Франциянинг фахрий легиони ордени билан тақдирланган.

«Оскар»ни қабул қилиб олган Эннио Морриконе (чапда) ва таниқли актёр Клинт Иствуд (ўнгда)

Фото: Getty Images / Кевин Уинтер

Ҳаётининг сўнгги йиллари

Морриконе турмуш ўртоғи Мария Травиа билан бирга бахтли ҳаёт кечирди. Улар 50 йилдан ортиқ бирга яшаб, тўрт фарзандни тарбиялади — уч ўғил ва бир қиз. Ўғли Андреа оилавий анъанани давом эттириб, бобоси ва отаси каби ўзини мусиқага бағишлади ва фильмлар учун саундтреклар ёза бошлади. Жованни театр режиссёри бўлди, Марко муаллифлик ҳуқуқи агентлигида ишлайди. Қизи Александра эса тиббиёт соҳасини танлади.

Бастакор кексалик чоғида ҳам фаол ҳаёт тарзига риоя қилди. Ҳар кунлик қатъий режим ва тўғри овқатланиш унга ўзини тетик ҳис қилишига ёрдам берди. У эрта ётиб, эрта уйғонарди, тез-тез тоза ҳавода сайр қилиб турарди ва кучли спиртли ичимликлардан ўзини тиярди. Морриконе шахмат ўйнашни ёқтирарди. Гроссмейстерлар Гарри Каспаров ва Анатолий Карпов унга шерик бўлган. Қайд этиш жоиз, Морриконе дунёнинг кўплаб давлатлари қатори Ўзбекистонга ҳам ижодий сафар қилган. Афсонавий композитор 2011 йилда Тошкент шаҳрида мухлисларга ўз концерт дастурини тақдим этган. У ўз жамоаси билан «Маҳаллада дув-дув гап» фильми мусиқасини ижро этган.

2020 йилнинг 6 июлида Эннио Морриконе бу дунёдан кўз юмди. Бастакорнинг ўлимига аввалроқ олган жароҳати сабаб бўлди: ундан бир неча кун аввал у йиқилиб, суягини синдириб олганди. Морриконенинг яқин дўсти Жоржо Ассуманинг сўзларига кўра, маэстро оиласи қуршовида вафот этган ва яқинлари билан видолашишга улгурган.