Украина АҚШдан 80 тонна жанговар ўқ-дори қабул қилиб олди. Бу ҳақда АҚШнинг Киевдаги элчихонасига таяниб, «Коммерсантъ» хабар беради.

Фото: Twitter / @U.S.EmbassyKyiv

«Украина АҚШдан тахминан 80 тонна жанговар ўқ-дориларни қабул қилиб олган. Бу президент Байденнинг август ойида Украинада ажратган хавфсизлик бўйича 60 миллион долларлик қўшимча ёрдами доирасида тўртинчи бор етказиб бериш ҳисобланади», — дейилади элчихона хабарида.

АҚШ президенти Жо Байден август ойида Украинага 60 миллион доллар ажратиш бўйича буйруқ берганди. Пуллар АҚШ Мудофаа вазирлиги тақдим этадиган мудофаа хизматлари ва маҳсулотларига, ҳарбий таълим ва тайёргарликларга йўналтирилган.

Қуролланишнинг етказиб берилиши Донбоссдаги вазият кескинлашуви фонида амалга оширилмоқда. Россия Мудофаа вазирлигининг ҳисоблашича, АҚШ ва НАТОнинг Қора денгиздаги фаоллиги «Киев жануби-шарқидаги можарони куч орқали ҳал қилишдаги ҳарбий ҳаракатлар театрини ўрганиш» билан боғланган. Америка ОАВлари эса АҚШда Россия Украинага қарши «ҳарбий операциялар эҳтимоллиги» ҳақида маълумотлар борлигини маълум қилмоқда. Кремль ушбу даъволарни асоссиз деб атаган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг март ойида АҚШ Украинага 125 млн долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини ажратиши маълум бўлганди. Ушбу пакет Украинага «ҳудудий яхлитликни сақлашга, шунингдек, ўз чегараларини ҳимоя қилишни таъминлашга» ёрдам бериш мақсадида ишлаб чиқилганди.