«Манчестер Юнайтед» клуби бош мураббийи Оле-Гуннар Сульшер истеъфога чиқарилди. Бу ҳақда инглиз клуби матбуот хизмати расман маълум қилди.

Фото: Getty Images

Клубни кейинги ўйинга ёрдамчи мураббий Майкл Керрик бошлаб тушади. Жамоа мавсум охиригача вақтинчалик мураббий топишни мақсад қилган.

Норвегиялик мутахассис 2018 йилнинг декабрида жамоани қабул қилиб олганди. Мазкур вақт ичида «Манчестер Юнайтед» бирорта совринга эга чиқолмади.

«Манчестер Юнайтед»нинг Сульшер давридаги энг яхши натижалари 2020/21 йилги мавсумда қайд этилганди. Ўшанда жамоа АПЛда иккинчи ўринни олган, Европа Лигасида эса финалга қадар етиб борганди.

Манкунианлар Премьер Лиганинг жорий мавсумида 12-турдан кейин 17 очко тўплаган ҳолда 7-ўринда бормоқда. Жамоа чемпионат доирасидаги сўнгги 7 ўйиннинг бештасида мағлуб бўлди.

Хабарларга кўра, «Юнайтед» Сульшерга 7,5 миллион фунт миқдорида компенсация тўлайди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!