Bloomberg ўтган ҳафта Америка разведка хизмати европалик ҳамкасбларини Россия Украинага бостириб кирмоқчилигидан огоҳлантиргани ҳақида хабар қилганди. Ушбу ҳисоботнинг тафсилотлари маълум бўлди.

Фото: «24 Канал»

АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, Россия авиация кўмагида бир вақтнинг ўзида уч томондан (Қрим, Беларусь ва тўғридан-тўғри Россия—Украина чегараси орқали) ҳужум қилиш учун жами 100 000 аскардан иборат 100 га яқин батальон тактик гуруҳларини (БТГ) жойлаштирган.

Америка разведка зобитлари қўшинларнинг жойлашув шаклини «тўлиқ ҳарбий ишғолга ўтиш билан кенг ҳудудни эгаллаб олишга ва уни ушлаб туришга тайёргарлик» деб тасвирлади.

Шунингдек ҳисоботга кўра, Россия захирадаги аскарларни ёллаш ва ўқитиш бўйича сўнгги 30 йил ичидаги энг шиддатли кампанияни ўтказмоқда, бу ҳақда эса ҳеч қаерда эълон қилинмаган. Захирадаги аскарларнинг вазифаси БТГ ўтиш чизиғи орқасида қолиб кетган ҳудудларни эгаллаб олиш ва ушлаб туриш учун «иккинчи тўлқин» ҳужумини амалга ошириш бўлади, дейилади хабарда.

Bloomberg манбаларидан бири нашрга сўнгги пайтларда Россия Украинани обрўсизлантириш ва «мамлакат ичидаги беқарорлик ва норозилик кучайиб бораётганини» кўрсатиш учун катта ПР кампанияси бошлаганини айтди. Америкаликлар Россия ҳужуми вақтини «келгуси йилнинг боши» деб ҳисобламоқда, аммо уларнинг фикрича, Путин ҳужум бўйича ҳали якуний қарорга келмаган бўлиши мумкин.

Аввалроқ Украина мудофаа вазири Алексей Резников Вашингтонга ташриф буюрган эди. Ташриф давомида у АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин билан учрашиб, ундан Киевга қўшимча ҳарбий ёрдам беришини сўраган. «Россия президенти Владимир Путин ҳарбий техника ва қуролли кучларни Россия—Украина чегараси бўйлаб ҳаракатлантириш орқали Ғарб давлатлари билан ‘шахмат ўйнамоқда», — деганди Резников The Washington Post газетасига берган интервьюсида.

Кремль босқинчиликка тайёргарлик ҳақидаги хабарларни қуруқ гап деб атади ва аксинча Ғарб кучларининг, жумладан, НАТО самолётларининг разведка ҳаракатлари фаоллашгани муносабати билан Москва «ҳушёр бўлиши» кераклигини таъкидлади.

Россия расмийлари Россия ҳеч кимга таҳдид қилмаслигини ва ҳеч кимга хавф солмаслигини бир неча бор таъкидлаган. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков қўшинларнинг мамлакат ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиши давлатнинг ички иши эканини билдирган.