Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи 2022 йил якунида 33,5 миллиард доллар, ёки ЯИМга нисбатан 45,2 фоиз миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Молия вазирлиги эълон қилган «Фуқаролар учун бюджет 2022» лойиҳасида келтирилган.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Унга кўра, 2021 йилда умумий давлат қарзи даражаси 28,2 миллиард долларни — ЯИМга нисбатан 41,5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Бу иқтисодиётнинг тез тикланиши натижасида ўтган йилда прогноз қилинган 44,5 фоиздан бирмунча камроқ, деб ёзмоқда Spot.

Вазирлик маълумотида келтирилишича, умумий давлат қарзи, миқдорининг ўсишига қарамай, макроиқтисодий барқарорлик учун хавфсиз даражада қолмоқда. Халқаро амалиётда макроиқтисодий барқарорлик учун ЯИМнинг 60 фоизини ташкил этадиган давлат қарзи хавфсиз ҳисобланади — Ўзбекистон шу даражада:

Келгуси йилда кутилаётган умумий давлат қарзининг 33,5 миллиард долларидан давлат ташқи қарзи 30,4 миллиард долларни (40,7 фоиз) ташкил этади. Шундан 23,5 млрд доллар – Ўзбекистон номидан, 6,9 млрд доллар — Ўзбекистон  кафолати остида жалб қилинган қарз маблағлари.