Американинг NASA космик агентлиги ва SpaceX космик компанияси Калифорниядаги космодромдан Falcon 9 ракета ташувчисини учувчисиз аппарат билан коинотга учирди. Миссия доирасида зонд Ерни потенциал хавфли космик объектлардан ҳимоя қилиш амалиётини синаб кўриши керак.

DART зондининг Falcon 9 билан коинотга учирилиши

Фото: NASA

NASA миссияси DART (Double Asteroid Redirection Test) деб номланди ва астероидлар траекториясини ўзгартириш бўйича дунёдаги биринчи лойиҳага айланди. Falcon 9 ракетаси оғирлиги 600 килограмм бўлган зондни коинотга учирди. Ҳисоб-китобларга кўра, 10 ой ичида у Ерга яқин жойлашган диаметри тахминан 150 метр бўлган Dimorf астероидига секундига тахминан 6,4 километр тезликда урилиши, бунинг натижасида астероиднинг орбитаси бироз оғиши керак.

«Биз астероидга зарба берамиз! Буни қилаётганимизга ҳалиям ишонолмайман!» — деди Falcon 9 учирилишидан олдин NASA учириш дастурининг катта директори Омар Баэз. NASA’нинг палентология бўлими бошлиғи Лори Глейз эса шундай деди: «Биз нишонга олган астероид футбол стадиони катталигида. Биз эса уни музлатгич ўлчамидаги объект билан уришимиз керак».

Глейзнинг тушунтиришича, Dimorf Ерга таҳдид солмайди, аммо келажакда қандайдир астероид ёки бошқа космик жисм сайёрадаги ҳаёт учун хавфли бўлиб чиқиши мумкин, шу сабабли NASA Ерни ҳимоя қилиш технологиясини ишлаб чиқмоқда.

DART миссияси NASA’га тахминан 330 миллион долларга тушади. Шундан 69 миллиони 2019 йилда зондни ишга тушириш бўйича шартномада ғолиб чиққан SpaceX компаниясидан олинган. Компания учун бу биринчи марта космик аппаратнинг бошқа астрономик объектга учирилиши. «Бу энг зўр миссия», — деди Жулианне Шеиман, SpaceX фуқаролик сунъий йўлдошлари миссиялари директори.