15:20, 25.11.2021 // 21617

Севги учбурчаги мавзусидаги энг яхши ҳинд фильмларидан бири — «Сангам» қандай суратга олинган?

«Сангам» Раж Капурнинг энг яхши фильмларидан бири саналади. Бу нафақат унинг илк рангли, балки мухлисларни Швейцария ва Франция сингари хорижий мамлакатлар билан таништирган биринчи ҳинд фильми бўлган. «Севги учбурчаги» ҳақида ҳикоя қиладиган энг яхши фильмлардан бири саналган «Сангам» билан боғлиқ қизиқарли фактларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Фото: «Яндекс Дзен»

Ражнинг энг яқин дўсти ҳисобланган Ражендра Кумар фильмда жиддий ва вазмин ёш йигит — Гопал ролини ижро қилган. Унинг дўсти Сундер Кханнанинг ролини эса Ражнинг ўзи ўйнаган. Севги, айрилиқ ҳақида ҳикоя қиладиган «Сангам» нафақат актёрларнинг маҳоратли ижроси, балки ўзига хос мусиқалар билан ҳам томошабинлар қалбидан жой олган. Фильм туфайли Раж Капур энг яхши режиссёрлик иши ва энг яхши монтаж иши учун Filmfare мукофотини қўлга киритган.

Фото: «Яндекс Дзен»

Раж Капур «Сангам»ни 1940 йилларда «Гаронда» номи билан суратга олишни, унда Дилип Кумар, Наргис бош қаҳрамонлар ролини гавдалантиришини режалаштирган. Индер Раж Ананд сценарий ёзишни бошлаб юборган, аммо Капур ўз режаларини четга суриб, бошқа бир лойиҳа устида иш бошлаб юборган. «Сангам»га у орадан 15 йил ўтиб, тахминан 1962 йилларда қайтган. Бу вақтга келиб Сунил Датт билан оила қурган Наргис киносаноатдаги фаолиятини тўхтатган эди.

Фото: «Яндекс Дзен»

Раж Дилип Кумарга Гопал қаҳрамонини гавдалантиришни таклиф қилган. Актёр агар фильмнинг якуний версиясини таҳрир қилиш ҳуқуқи тақдим қилинсагина, суратга тушишини айтган, Раж эса бунга рози бўлмаган. Шундан кейин Дев Анандга мурожаат қилган, ундан ҳам рад жавобини олган. Алал-оқибат рол Ражиндрага насиб қилган. Капур ҳар эҳтимолга қарши Ферозга Ражендра ролдан воз кечса, уни чақиришини айтиб қўйган. «Сангам»ни шон-шуҳратга эришиш учун «омадли чипта» деб билган Фероз Ражендра розилик берганидан кейин шундай лойиҳани қўлдан бой берганини ҳазм қила олмаган.

Фото: «Яндекс Дзен»

Асосий рол учун Капур Вижаянтималани таклиф қилган. Вижаянтимала ва Дилип замонанинг энг машҳур жуфтликларидан бири бўлган. Ушбу фильм Раж Капурнинг нафақат фаолияти, балки шахсий ҳаётида ҳам аҳамиятга эга эди. Гап шундаки, бу Ражнинг муҳаббати ва унинг илҳом париси бўлган актриса Наргиснинг тўйидан кейинги илк режиссёрлик иши эди.

Фото: «Яндекс Дзен»

Капурни 15 йил ортга суриб юрган лойиҳани суратга олишга Наргис илҳомлантирган. Вижаянтимала гавдалантирган қаҳрамон билан Наргиснинг ўртасида ўхшашлик борлигини томошабинлар ҳам сезмай қолмаган. Масалан, «Сангам»даги Вижаянтимала ижро қилган Радха ҳам оила қурганидан кейин Наргис сингари ортга назар ташламасликка қарор қилади.

Ҳиндистонда Ганга, Ямуна ва Сарасвати дарёлари туташадиган жой «Сангам» деб аталади. «Маҳобҳорат»да Ганга ва Ямун дарёлари Сарасвати қуриганидан кейингина қўшилгани ёзилган. Фильмнинг энг қизиқ нуқтаси (кулминацияси) эсга олинса, нима учун Раж Капурга даҳо деб таъриф берилишини англаш мумкин.

Фото: «Яндекс Дзен»

Ундаги мусиқалар фильмнинг ажралмас қисми саналади. Драмалардан тин олиш мақсадида фойдаланиладиган аксарият лойиҳалардан фарқли равишда, «Сангам»да мусиқалар сюжетни жадаллаштирадиган диалог сифатида ишлатилган. Шанкар ва Жайкишан томонидан битилган, Мукеш Махендра Капур ҳамда Лата Мангешкар ижро қилган композициялар вақт синовидан ўтиб, ҳали ҳамон машҳурлигини йўқотмаган.

Фото: «Яндекс Дзен»

Орадан 50 йил ўтганига қарамай, ўзига хос сценарий ва мусиқага эга бўлган блокбастерни мухлислар ҳали ҳам қизиқиш билан томоша қилади.

1964 йил Совет иттифоқида намойиш қилинган фильм 1968 йил Туркия, Болгария, Греция ва Венгрияда ҳам экран юзини кўрган. 10 йилликнинг энг кассабоп фильми ҳисобланган «Сангам», Boxofficeindia талқинига кўра, сўнгги 50 йилликдаги энг яхши 50 фильмдан бири деб ҳисобланган.

Болливуднинг энг машҳур режиссёрларидан бири ҳисобланган Каран Жоҳар аввалроқ «Сангам»ни қайта суратга олишни исташини билдирган.

Энг кўп ўқилган

Қидирув