Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани «Уйғур» маҳалласида 21 октябрь куни фуқаро У.Э. маст ҳолатда турмуш ўртоғи Гуласал Ҳасанова билан жанжаллашиб, уни бир неча бор уриб, тан жароҳати етказиб ўлдириб қўйган. Ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) аломатлари билан иш очилган, гумонланувчи У.Э. қамоққа олинган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси орадан бир ой ўтиб, 22 ноябрь куни — «Дарё» сўровидан сўнг ахборот берди.

Бунгача марҳуманинг яқинлари «Дарё» мухбири билан суҳбатда (улар қариндошининг ўлими юзасидан ваколатли органлардан тайинли маълумот ололмагач, ОАВга мурожаат қилишга мажбур бўлган) эр-хотин ўртасида жанжаллар мунтазам юз бергани, аёл бунгача камида бир марта ўлимдан қолгани, марҳумага ўз вақтида ҳимоя ордери берилгани, аммо бир парча қоғоз уни ўлимдан сақлаб қола олмаганини сўзлаб берган эди.

Ўликни босим остида «вақтинча тирилтирган» ғалати англашилмовчилик

Марҳуманинг отаси Комил Ҳасановнинг сўзларига кўра, куёви «Гуласални ваҳшиёна тарзда уриб ўлдирган — бошига қаттиқ жисм билан уриб, бош суяклари ва бурнини синдирган, кўзини ўйиб олган, юрак қисмига пичоқ санчиб, қийнаб ўлдирган». Ота бу сўзларини тасдиқловчи сурат ва ҳужжатлари борлигини айтади.

Комил Ҳасановнинг қўшимча қилишича, куёви ва унинг яқинлари соат 22:57 да тез ёрдам чақирган. Воқеа жойига 23:06 да етиб келган тез ёрдам хизмати ходимлари Гуласал аллақачон вафот этганини билдириб, биологик ўлимни 23:44 да қайд этган — буларнинг бари тез ёрдам ходимларининг дастлабки маълумотномасида қайд этилган.

Аммо орадан чамаси бир ярим соатлар ўтиб (соат тахминан 01:20 да), ўша тез ёрдам ходимлари воқеа жойига қайта чақирилган. «Улар воқеа жойига 01:27 да етиб бориб, соат 22:00—22:57 оралиғида вафот этган қизимни ‘тирилтириб’, тиббий картасига ‘аҳволи ўрта’ деган қайд киритган. Соат 03:35 да эса ўликни даволаш учун шифохонага олиб боришган», — дейди ота. Унинг таъкидлашича, «бу ишларнинг бошида профилактика инспектори турган».

Марҳуманинг ота-онаси — Комил Ҳасанов ва Нодира Эшқобилова.

Фото: «Дарё»

Яккабоғ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шифокор пункти ходимлари — шифокор Нодир Усмонов ва ҳамшира Маърифат Жўраева ҳодиса юз берган жойга айнан профилактика инспекторининг қистови билан қайта чақирилганини рад этмади, аммо марҳуманинг тиббий картасига «аҳволи ўрта» деб киритилган қайд англашилмовчилик оқибати эканини айтди.

«Биринчи борганимизда Гуласал ҳақиқатан ҳам вафот этган эди. Ҳолатни қайд этиб, воқеа ҳақида профилактика инспекторига хабар бергач, ортга қайтдик. Воқеа жойига иккинчи марта профилактика инспекторининг чиқириғи ва қистови билан бордик», — дейди ҳамшира. Инспектор уларни «марҳуманинг яқинларидан бирининг тоби қочиб қолди» деган важ билан чақирган, тез ёрдам ходимлари ҳадагенда келавермагач, уларни шифокор пунктидан ўзи келиб олиб кетган.

«Воқеа жойига борганимизда эса ҳеч кимнинг тоби қочмагани, биз жасадни Шаҳрисабзга, тиббий экспертизага олиб бориш учун чақирилганимизни билдик. Шу сабаб ҳам адашиб, бемор картасидаги аҳволи деган жойига ўрта деб белги қўйганман. Бу англашилмовчилик», — деди ҳамшира Маърифат Жўраева. Шифокор Нодир Усмонов ҳам «участкавой» уларни «алдаб, бошқа беморнинг мазаси бўлмаяпти, деб чақиргани»ни тасдиқлади.

Фото: »Дарё»

«‘Участкавой’ бизга тез ёрдам машинасига жасадни ортиб, экспертизага олиб борасан деб талаб қўйди. Бу машина ўликлар учунмаслигини тушунтирсам ҳам тушунмади. Ўша ердаги фуқаро кийимидаги кишилар билан бизга босим ўтказиб, ўликни олиб кетишимизни айтди. Мен бошқа беморлар жанжал қилаётгани, ўликка шифокор керак бўлмаслигини, мени шифокор пунктига ташлаб кетишларини, жасадни эса ҳамшира ва ҳайдовчи олиб кетишини айтдим ва ҚВПда тушиб қолдим», — дейди шифокор Усмонов.

«Дарё» мухбири вазият юзасидан ва унга нисбатан илгари сурилаётган даъволар бўйича изоҳ олиш мақсадида «Уйғур» маҳалла профилактика инспекторини излади, аммо уни на ҳудуддан, на вилоят ИИБ орқали топиш имкони бўлди. Яккабоғ тумани ИИБ бошлиғи Дилшод Умаров эса «Дарё» мухбирининг такрорий қўнғироқларига жавоб ҳам бермади.

«Уйғур» маҳалласи раиси Музаффар Боймирзаевнинг сўзларига кўра, у ҳодиса ҳақида эшитиб, «профилактика инспектори билан воқеа жойига борганида, туман ИИБ, туман прокурори ва масъуллар воқеа жойида вазиятни ўрганаётган, марҳуманинг эри қаттиқ қўрқувдалиги боис нима деяётганини ўзи ҳам билмаётган» бўлган. Аммо Комил Ҳасановнинг таъкидлашича, воқеа жойига ҳеч бир масъул келмаган ва умуман қизининг ўлимига етарлича эътибор қаратилмаяпти.

Аёлнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин... эдими?

Марҳуманинг онаси Нодира Эшқобилованинг айтишича, қизи ва куёвининг турмуши бошидан ўхшамаган, улар доим жанжаллашган. «Тўйдан ҳеч қанча вақт ўтмай, уларнинг ўртасида келишмовчилик келиб чиққанди. Ҳар сафар қизимникига борсам, қўшнилари куёвимнинг баджаҳл эканини айтиб, ҳатто невараларимни ҳам аямаётганини айтишарди», — дейди она.

Гуласал Ҳасановага 2016 йилда етказилган тан жароҳатлари.

Фото: Комил Ҳасанов

Гуласал Ҳасанованинг қизига эри У.Э. (у қизалоқнинг отаси) томонидан 2016 йилда етказилгани айтилаётган жароҳатлар.

Фото: Комил Ҳасанов

Комил Ҳасанов ҳам куёвининг «нақадар ваҳшийлигини 2016 йилда кўргани»ни эслайди. «Ўшанда у қизимни ўласи қилиб, қотилликка мойиллиги борлигини кўрсатганди. Энг даҳшатлиси, у ҳатто ўз қизини ҳам аямай, уни тишлаб, оғир тан жароҳати етказганди», — дейди ота. Ўша воқеадан сўнг эр-хотин куёви билан гаплашиш учун борган, аммо ўзлари калтак остида қолган.

«2016 йили қизимни ўласи қилиб ургач, дадаси билан бирга куёвимизнинг олдига бордик. Куёвим эса яланғоч бўлиб, мен ва хўжайнимни қувиб кетди. Хўжайнимни уриб, тан жароҳати ҳам етказди. Бу ҳақда судга мурожаат қилганимизда, суд ўзимизни айбдор қилди», — дейди марҳуманинг онаси. Отанинг қўшимча қилишича, қизига ҳимоя ордерлари берилган, аммо уларнинг куёви томонидан йиртиб ташланишига масъуллар эътиборсизлик билан қараган.

«Уйғур» маҳалласи раиси Музаффар Боймирзаев.

Фото: «Дарё»

Айни вақтда, «Уйғур» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Музаффар Боймирзаев марҳуманинг ота-онаси айтган гапларни инкор этиб, марҳума ва унинг эри ўртасидаги келишмовчиликлар маҳаллада кўп маротаба муҳокама қилинганини, марҳумага эридан ҳимояланиш учун ҳимоя ордери ҳам берилганини, ҳимоя ордерини йиртиб ташлаган эр эса суд томонидан жавобгарликка тортилганини билдирди.

Марҳуманинг ота-онаси билан суҳбат давомида «Дарё» мухбири жараён билан танишиш давомида кўпчиликда туғилиши мумкин бўлган табиий бир савол билан уларга мурожаат қилди — шунча воқеадан сўнг улар нега қизини эридан ажратиб олмаган? Жавоб шундай бўлди: «Қизимиз ҳам тинчиб кетар, эри билан яхши бўлиб кетар, деган умидда эдик».