Афғонистонда ҳокимият тепасига келган «Толибон» 2022 йилда қизлар учун мактаблар очишга ваъда берди, деб ёзади «Интерфакс».

Фото: Global Look Press

«Мамлакат бўйлаб қизлар учун мактаблар янги таълим режаси тугаганидан кейин келгуси йилда очилади», — дея маълум қилди толиблар бош вазир ўринбосари мавлавий Абдул Кабир Туркия элчиси Жиҳод Аргин билан учрашувда.

Кабирнинг сўзларини «Толибон» расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид ўз Twitter’ саҳифасида келтирган.

Кабирнинг айтишича, аёллар мамлакатдаги турли муассасаларда, масалан паспорт столи, аэропорт ва соғлиқни сақлаш соҳасида шунингдек, аксарият вилоятлардаги мактабларда фаолият олиб бормоқда.

Унинг сўзларига кўра, «Афғонистон барча давлатларнинг, айниқса Туркиянинг қўллаб-қувватлови ва ҳамкорлигига муҳтож. Толиблар Туркиянинг Афғонистонга кўпроқ сармоя киритишини истайди». Кабир Туркия нодавлат ташкилоти TICA’нинг Афғонистондаги фаолиятини юқори баҳолаган.

Ўз навбатида, Туркия элчиси унинг мамлакати «Қизил ярим ой» ташкилоти орқали афғон қочқинлари ва ички кўчирилганларга ёрдам кўрсатганини, ёрдам ҳали ҳам давом этаётганини айтган

Дипломатнинг сўзларига кўра,Туркия Афғонистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигини уруғлик билан таъминламоқчи. Шунингдек, Қандаҳор, Ҳирот вилоятлари ва Кажаки туманида Туркия томонидан молиялаштирилган қурилиш лойиҳалари бўйича ишлар давом эттирилади.

Бундан ташқари, Туркия элчиси турк сармоядорлари Афғонистонга сармоя киритишдан манфаатдор эканини, улардан бир нечтаси келаси ҳафтада мамлакатга ташриф буюришини маълум қилган.

«Толибон» мамлакатда яна ҳокимият тепасига келган август ойида ҳаракат матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид аёлларга «ислом қонунлари доирасида» ишлаш, ўқиш ва жамият бошқарувида иштирок этишга рухсат берилишини айтган. Шу билан бирга, толибларнинг шартларига кўра, Афғонистонда аёлларнинг барчаси ҳижоб (паранжи) кийиши керак бўлади.

Кейинчалик Мужоҳид Афғонистондаги ишлайдиган аёлларни ўз хавфсизлиги учун уйдан чиқмасликка чақирган. «Бизнинг хавфсизлик кучларимизга аёллар билан қандай муносабатда бўлиш, улар билан қандай мулоқот қилиш ҳақида ўргатилмаган. Мамлакатда тўлиқ хавфсизлик ўрнатилмагунча аёллардан уйда қолишини сўраймиз », — деган ҳаракат вакили.

Шунингдек, «Толибон» аёлларга ҳукумат таркибида лавозимлар берилмаслигини маълум қилган.

Сентябрь охирида Кобул университетининг «Толибон» ҳаракати томонидан тайинланган янги ректори Муҳаммад Ашраф Ғайрат ушбу олийгоҳда хотин-қизларнинг дарс бериши ёки таълим олишини тақиқлади. Кейинроқ Ғайрат тақиқ доимий эмас, вақтинчалик эканини маълум қилди.