«Манчестер Юнайтед» клуби Ральф Рангник бош мураббий этиб тайинланганини эълон қилди.

Фото: «Манчестер Юнайтед»

63 ёшли мутахассис билан мавсум сўнгига қадар шартнома имзоланди. Ральф 2022 йил ёзидан бошлаб икки йил давомида жамоа маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритади.

Бунга қадар германиялик мутахассис Москванинг «Локомотив» жамоасида спорт ва ривожланиш бўлими раҳбари сифатида фаолият олиб бораётган эди.

Рангник «Штутгарт», «Ганновер», «Шальке-04», «Ҳоффенҳайм», «Лейпциг» каби жамоаларда бош мураббий сифатида ишлаган.

«Манчестер Юнайтед» 20 ноябрь куни «Уотфорд»га 1:4 ҳисобида мағлубиятга учрагандан сўнг, Оле-Гуннар Сульшерни истеъфога чиқарди. Сульшер «қизил иблислар»ни 2018 йил декабрь ойидан буён жамоани бошқариб келаётганди. Унинг ўрнини вақтинчалик Майкл Керрик эгаллаб турди. Керрик қўл остида жамоа «Вильярреал» (2:0) устидан ғалаба қозонди ва «Челси» (1:1) билан дуранг ўйнади.

Манкунианлар Премьер Лиганинг жорий мавсумида 13-турдан кейин 18 очко тўплаган ҳолда 8-ўринда бормоқда.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!