Афғонистон бош вазири вазифасини бажарувчи Муҳаммад Ҳасан Охунд халқаро ёрдам ва АҚШда музлатиб қўйилган 10 миллиард долларга яқин маблағдан фойдаланиш имкониятини сўради. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Фото: Balkis Press

«Толибон» вакили халқаро хайрия ташкилотларини «ёрдамни рад этмасликка» чақирди, чунки мамлакат оммавий очлик таҳдидига қарши курашмоқда. Бу Охунднинг Афғонистонда ҳокимиятга келганидан кейин биринчи телевизион чиқиши. АҚШ билан Доҳада бўлиб ўтадиган учрашув олдидан йўллаётган ушбу мурожаатда у ҳукумат бошқа давлатларнинг ички ишларига «аралашмайди» деб ваъда берди.

«Имкон қадар халқнинг муаммоларини ҳал қилишга ҳаракат қиляпмиз, барча департаментларда ортиғи билан ишлаяпмиз», — дейди Охунд. У Афғонистондаги очарчилик, ишсизлик ва молиявий инқирозни АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган аввалги ҳукуматга боғлади.

«Халқ, ҳушёр бўлинг. Олдинги ҳукуматдан қолиб, яшириниб юрганлар хавотир уйғотмоқда, халқни нотўғри йўлдан оздирмоқда, ўз ҳукуматига ишонмасликка мажбур қилмоқда», — дейди Охунд.

Бош вазирнинг айтишича, унинг ҳукумати у «дунёдаги энг заиф тизим» деб биладиган коррупция муаммосини ҳал қилган. Шунингдек, ҳукумат бир неча ойдан бери маошини олмаган минглаб давлат хизматчиларига қандай қилиб  пул тўлаш устида ишламоқда, деди у.

«Халқнинг муаммолари ҳал этилиши учун биз барча халқаро хайрия ташкилотларидан кўмакни рад этмасликларини ва ҳолдан тойган халқимизга ёрдам беришларини сўраймиз», — деди Ҳасан Охунда ўз нутқида.

У, шунингдек, АҚШни афғон маблағларининг 10 миллиард долларини блокдан чиқаришга чақирди. АҚШда мазкур маблағлар август ойи ўрталарида «Толибон» олдинги маъмурият устидан ғалаба қозонганидан сўнг музлатиб қўйилганди.

Аввал ҳам «Толибон» Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ Конгрессига очиқ хат йўллаб, Афғонистонга тегишли маблағларни блокдан чиқаришни сўраганди.