1949 йил 2 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси «Одам савдоси ва жинсий қулликка қарши кураш тўғрисидаги конвенция»ни қабул қилган. Ўша кундан бери ҳар йили бутун дунё бўйлаб 2 декабрь халқаро қулликка қарши кураш куни сифатида нишонланиб келинади. «Дарё» шу муносабат билан инсоннинг инсонга зўравонлиги ва эрксизлик даҳшатлари акс этган, реал воқеликларга асосланган сара фильмлар ҳақида маълумот беради.

«12 йил қулликда» фильмидан кадр

«12 йил қулликда»

«12 йил қулликда» (12 years a slave) режиссёр Стив Маккуин томонидан суратга олинган ва 2013 йилда экранга узатилган. Унда бош ролларни Чиветел Эжиофор, Майкл Фассбендер каби актёрлар ижро этган.

Фильмда Соломон Нортап исмли қора танли кишининг одам савдоси қурбонига айланиши ҳақида ҳикоя қилинади. Озод оилада туғилган Соломон шахсий фермага эгалик қиларди ва скрипка чаларди. Лекин бир куни базмда ҳамроҳлари уни қасддан маст аҳволга солиб, қул савдогарига сотиб юборади. 12 йиллик машаққатларда ўзлигини ва умидини йўқотмаган бу инсон охир уйига қайтишга муваффақ бўлган.

Ушбу картина кўплаб кинотанловларда қатнашиб, «Оскар», «Олтин глобус», «BAFTA» ва бошқа нуфузли мукофотларни қўлга киритган.

«Мен чўриман»

Гэбриел Рэнж режиссёрлигидаги «Мен чўриман» (I аm slave) фильмининг премьераси 2010 йилда бўлиб ўтган. Ушбу кинокартинада бош ролларни Вунми Моссаку, Исаак де Банколе, Лубна Азабал каби актёрлар ўйнаган.

Фильмда Менде Назер исмли 12 яшар қизнинг араб жангарилари томонидан ўғирланиб, Хартум шаҳридаги (Судан пойтахти) аёлга сотиб юборилиши ҳақида ҳикоя қилинади. Олти йил қулликда яшаган Назер охири Лондонга олиб кетилади, лекин у ерда ҳам машаққатлар давом этади.

Қизнинг исмини ўзгартириб, ҳужжатини олиб қўйишади. Бахтига, кейинроқ раҳмдил инсонларга учраб, уларнинг ёрдамида отаси билан учрашади ва Суданга қайтиб келади.

«Савдо»

2007 йилда немис кинорежиссёри Марко Кройспайнтнер томонидан ишланган «Савдо» (Trade) фильмида жинсий қуллик ҳақида ҳикоя қилинади. Унда бош ролларни Кевин Клайн ҳамда Алисия Бахледа-Сурус ижро этган.

Фильм New York Times газетасида чоп этилган мақола асосида ишланган. Ундаги воқеалар реал ҳаётда содир бўлаётганига одамнинг ишонгиси келмайди. Одамфурушлар қизларни кўчалардан қандай қилиб ўғирлаши, аукционларда сотиб, оч қолдириб, қийноққа солиши очиб берилган.

«Жонс округининг озод инсонлари»

2016 йилда намойиш қилинган «Жонс округининг озод инсонлари» (The free state of Jones) фильми ҳам реал воқеаларга асосланган. Унда бош ролларни Мэттью Макконахи, Гугу Эмбата-Роу, Махершала Али каби актёрлар ижро этган.

Фильмда АҚШдаги 1862 йилда рўй берган фуқаролар уруши акс эттирилган. Миссисипилик камбағал фермер Конфедерация армиясидан қочиб чиққан ва эндиликда қулликни бекор қилиш учун курашаётган қочқинлар гуруҳини бошқаради. Улар биргаликда Жонс округига жойлашиб, Конфедерация кучларига қарши кураш олиб боради.

«Миллатнинг туғилиши»

«Миллатнинг туғилиши» (The birth of a nation) кинокартинаси 2016 йилда намойиш қилинган. Бош ролларни Нейт Паркер, Арми Ҳаммер, Пенелопа Энн Миллер ижро этган. Нейт Паркер, шунингдек, фильм режиссёри ҳамдир.

1831 йил, 21 август куни Виржиния штатида бошланган афро-америкалик қуллар қўзғолони фильмда таъсирли очиб берилган. Нет Тёрнер бошчилигидаги ушбу қўзғолон 48 соатлар давом этган бўлиб, унда оқ танли зодагонлардан 60 киши ва камида 100 нафар қора танли қул ҳалок бўлган. Шу воқеадан сўнг қуллар ҳаёти янада оғирлашади: уларга билим олиш ва йиғилишлар ўтказиш та’қиқлаб қўйилган.

Қўзғолонни бошлаган одамнинг ўзи эса қатл қилинади ва териси шилиб олинади. Лекин Тед бу иши билан қулдор зодагонлар юрагига ғулув солиб, қуллар ортиқ тоқат қилмаслигини билдиришга улгурганди.

«Ҳарриет»

«Ҳарриет» (Harriet) — Кейси Леммонс томонидан суратга олинган тарихий-биографик драма. Фильм премьераси 2019 йилда бўлиб ўтган. Бош ролларни Синтия Эриво, Жанел Моне, Жо Элвин, Кларк Питерс, Тим Гини каби актёрлар ўйнаган.

Фильмда қулликдан қочиб, оқсоч бўлиб ишга ёлланган ва топган пулининг катта қисмини бошқа қулларни ҳам озод қилишга сарфлаган Ҳарриет Табмен исмли аёл ҳақида сўз боради. Бу аёл фуқаролар уруши бошланишидан ҳам аввал тунги қутқарув миссиялари учун «Мусо» лақабини олган ва плантациялардан юзлаб қулларни олиб чиққан.

Ҳарриетнинг шу ва бошқа қаҳрамонликлари акс эттирилган мазкур фильм «Энг яхши саундтрек» йўналиши бўйича «Оскар», «Энг яхши аёл роли» учун «Олтин глобус» ва бошқа мукофотларни қўлга киритган.

«Амистад»

Стивен Спилбергнинг «Амистад» (Аmistad) фильми 1997 йилда томошабинлар эътиборига ҳавола қилинган. Унда 1840 йилларда Америкада қулликни бекор қилиш учун бўлиб ўтган курашлар ҳақида ҳикоя қилинган. Фильмда бош ролларни Морган Фримен ва Найжел Ҳоуторн ўйнаган.

Реал воқеаларга асосланган ушбу картинада «Амистад» кемасини ўғирлаб, ўз ватанига қайтишга уринаётган африкалик қуллар саёҳати акс этган.

Ҳукумат кемани қўлга олганидан сўнг барча қуллар Америкага қайтарилади ва у ерда қотилликда айбланиб, ҳибсга олинади. Шундан сўнг бутун халқ эътиборини ўзига жалб қилган суд жараёнлари бошланади. Судланувчилар учун эса бу жараён, аввало, ҳуқуқ ва озодлик курашини англатарди.

Ушбу картина тўртта йўналиш бўйича «Оскар»ни қўлга киритган.

«Линкольн»

Стивен Спилбергнинг ҳаётий воқеаларга асосланган яна бир фильми — «Линкольн» (Lincoln). Суратга олиш ишлари 2011 йилда бошланган, премьера эса 2012 йилда бўлиб ўтган. Бош қаҳрамонлар образи Дэниел Дей-Льюис, Салли Филд, Томми Ли Жонс, Жозеф Гордон-Левитт каби актёрлар томонидан жонлантирилган.

Картинада АҚШнинг 16-президенти Авраам Линкольннинг қаҳрамонлиги ҳақида гап боради. У 1865 йилда машҳурликнинг чўққисида эди. Лекин олдида бир жиддий масала турарди: конституцияга қулликни бекор қилувчи тузатиш киритиб, фуқаролар урушини бартараф қилиш. Ҳатто мамлакат етакчисининг энг яқин маслаҳатчилари ҳам бу режани амалга ошириш мумкинлигига ишонмайди. Лекин президентнинг сиёсий маҳорати ва собитқадамлиги республикачиларни бирлаштиришга ва демократларнинг бир қисмини ўз томонига оғдиришга ёрдам беради. Натижада, конституцияга тузатиш киритилади.

Фильм 12 та йўналиш бўйича «Оскар»га номзод бўлган ва иккита йўналиш бўйича ғалаба қозонган. Бундан ташқари, «Олтин глобус», «BAFTA» ва бошқа мукофотларга лойиқ кўрилган.