Ўзбек дубляж соҳасида сермаҳсул ижод қилган Санжар Саъдуллаев 4 декабрь куни тонгда касалхонада вафот этди. Жаноза «Минор» масжидида пешин намозидан кейин ўқилади, дея «Дарё»га хабар берди актёр Санжар Сатторов.

Фото: Instagram

Эслатиб ўтамиз, актёр 1954 йилнинг 10 июль санасида Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат театр ва саънат институтининг драма ва кино актёрлиги бўлимида таҳсил олган.

Санжар Саъдуллаев ўзбек дубляж санъатининг энг таниқли ва энг рейтинги баланд актёрларидан ҳисобланарди. Уни мухлислар сирли актёр дея таърифлашган. Чунки у баъзи санъат соҳаси вакилларидан фарқли ўлароқ, ўзини оммадан узоқ тутишга ҳаракат қилган, камералар қаршисига чиқмаган ва интервью бермаган.

Санжар Саъдуллаев бугунга қадар 1000 дан ортиқ фильмларга овоз берган. Жумладан «Қашқирлар макони» (Пўлат Аламдар), «Қиш сонатаси» (Жунсанг), «Ичкарида» (Комиссар Юсуф, Сарп, Ҳасан қизил яноқ), «Севги изтироби» (Камол), «Сўйла, Қораденгиз» (Ведад) каби юзлаб сериаллар ва бадиий фильмлардаги бош қаҳрамонлар образини гавдалантирган. Қолаверса, у ҳинд фильмларида Болливуд қироли актёр Шоҳруҳхонга доимий равишда овоз бериб келган.

Ижодкорнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.