Қиш — гази, «свет»и йўқ хонадонлар учун ҳақиқий синов. Ташқарида гупуллаб лайлак қор ёғса, бундан томидан чакка ўтмайдиган, уйида таппи, ўтин-у кўмир ёқмайдиган, тутантириқ нималигини билмайдиган одамгина суюнса керак. Қаҳратон совуғи иссиқдан деразаси парланадиган, чироғи ўчмайдиган, одамлари газ таъминотидаги узилиш нималигини билмайдиган ўлкаларга ярашади-да. Ўзбекиcтонда 2021 йилги қиш ҳам ноябрдан бошланди. Лекин ҳаммаям бунга ҳозирлик кўришга, бостирмадаги печини созлаб, мўрисини тозалашга улгурмаган эди. Қиш — қаҳри қаттиқ бека.

Фото: «Дарё» / Шаҳбоз Олимзода

Қон-қариндошни йўқлаш ва оилавий маросим баҳона водийга кетдим. Қамчиқ довонидаги гўзаллик, пурвиқор тоғлардаги оппоқ қорлар ҳайрати ҳали тарқамай, йўлларда ўтин ортилган қатор-қатор машиналар, уюм-уюм кўмирларни кўриб таъбим хиралашди. Водийга фақат ёзда келиб, салқинидан яйраб қайтаверган эканман. Қишдаги манзара эса худди негатив плёнкада олинган кинога ўхшайди: атроф оқ-қора.

Уйдагилар нега қишда чақиравермаслиги, ҳадеганда келиб-кет деб қистамаслигини тушунгандек бўлдим. Қўли совуқдан торс-торс ёрилсаям, ўтин ёриб, кўмир, таппи ёқишдан чарчамайдиган (бундан нолимайдиям, барига кўниб қўяқолган, бошқа иложи йўқлигиниям билади) келинлар ўрнига ўзимни қўйдим. Чидолмадим. Осон эмаскан. Шаҳарлик меҳмонларнинг оппоқ қўллари, чиройли тарашланган тирноқларини кўрган қишлоқ қизлари нега уялиб, қимтинишларини фаҳмлагандекман. Бу сафар мен қизардим.

Фото: «Дарё» / Шаҳбоз Олимзода

Фақат ота-онам яшайдиган маҳаллада газ йўқмикан, десам, ундай бўлиб чиқмади. Риштоннинг қарийб ҳамма маҳалла-қишлоқларида ўн йил нари-берисида газ берилишидан аллақачон умидини узган, нима иссиқлик берса, қишни шугина билан ўтказаётган оилалар кўп экан. Эътибор берганим, ўтин бозорлари пайдо бўлибди, кўмир сотадиганлар кўпайибди. Ўзи газ қазиб чиқарадиган, конидаги захираси ҳали-бери тугаши номаълум ўлкада ўтин бозорлари йилдан йил кенгаяётгани ғалати.

Яқин йиллардан бери пайдо бўлган ўтин бозорлари.

Фото: «Дарё» / Шаҳбоз Олимзода

Ўтин сотувчиларидан бирининг айтишича (исмини сир тутди), кичикроқ тиркамадаги ўтин нархи 600—700 минг сўм атрофида. Шунча ўтин қанча вақтгача етиши мумкин? «Хоҳласангиз, бир кунда ёқиб тугатинг. Ўзингизга боғлиқ. Энди одамлар ўтин камлиги, нархини ҳисобга олиб, кўмир, таппи билан аралаштириб, ярим ёки бир ойгача етказади. Қиш тугагунча камида 5–6 марталаб олишига тўғри келади», дейди у. Ўртаҳол, айтайлик, маош ҳисобига яшайдиган серфарзанд оилага тўрт-беш арава ўтин сотиб олиш қийин масала. «Қўли қисқароғи келса, менам жа инсофсизмасман. Йўлида нарх айтаман. Ҳозир ҳаммамизнинг ташвишимиз шу-ку!», дея қўшимча қилади сотувчи, саволдан қочмай. Қолган ўтинфурушлар жавоб беришга рўйихушлик бермади. «Бизга тинчлик керак! Бола-чақа бор ҳаммада», деди кимдир ортимдан, кетаётган пайтим.

Ўрик дарахти ўтини яхши ёнгани учун харидоргир экан. Чинорларнинг уруғи буз-буз ортидан аллақачон қуритилганига фақат ўрикники сотувда.

Ўтин бозорчасининг шундоқ рўпарасида кўмир сотиларкан. Икки хил — Ангренники билан маҳаллий аҳоли «орешка» дейдиган Қозоғистон кўмири уюм қилиб тўкиб қўйилган. Ишчи йигитдан «Қайси бири яхшироқ?» деб сўрасам, «Иккисиниям ўрни бор. ‘Орешка’ худди ўтиндек ёниб, уйни тезда иситиб беради. Лекин чўғ ушлаб турмайди. Тезда ўчади. Қора кўмирларимиз газга ўхшаб секин ёнади, бир суткача чўғи лўқиллаб туради», деди. Иккала кўмирнинг нархи 1460 сўм. Бир қопи 30 килоча тош босиб, 43800 сўмгача боради. Лекин бир қоп кўмир ой охиригача етмайди.

Фото: «Дарё» / Шаҳбоз Олимзода

Кўмирчи йигит яқиндан бери мебель усталаридан олиниб, бир қопи 35 мингдан сотилаётган майда-чуйда мебель парчалари, пайраҳалар, ёғоч бўлакларини кўрсатди. «Бу тутантириқ ўрнига. Лов этиб ёнади. Ўтин ёқишга қийналмайди одам», деб тушунтирди. Қаранг, инсон зоти шароит, эҳтиёж ортидан нималарни ўйлаб, муаммосига хаёлга келмас тарафлардан чора излайди...

Печдаги олов тезроқ ёнишига ёрдам берадиган мебель бўлаклари, пайраҳалар. Қоплаб сотилади.

Фото: «Дарё» / Шаҳбоз Олимзода

Эртаси куни маҳаллаларни ва хонадонлардаги аҳволни кўргим, одамлар билан гаплашгим келди. «Алишер Навоий», «Носгар», «Дорул омон», «Мискин», «Шокир ота» МФЙларни кездим. Очиғи, риштонликларда икки-уч хил кайфиятни пайқайман деб ўйламовдим. Бир опадан «Қишни қандай ўтказасизлар?», десам, «Нима, ойдан тушганмисиз? Ўн йилдан бери газ «бет»ини кўрмагандан кейин таппи, кўмир ёқамиз-да!», деди келганимни хушламай. «Маҳалла ёки ҳокимият нима дейди?», десам, «Менга қаранг, синглим, телевизорда Янги Ўзбекистон деяпти-а — қани ўша? Бизам бир кўрайлик! Таппи билан кўмири бўлмаса керак-а? Девори нураган, тутундан қорайган, ачимсиқ иси уст-бошингизга чиппа ёпишадиган кулбага опкирайми сизни?», деди зарда аралаш. Опа ҳам шунча йиллик аламини кимгадир сочиб, ҳовурини босиши керак-ку, деб индамадим. Ярасини янгилаганим қолди.

Фото: «Дарё» / Шаҳбоз Олимзода

Сал нарироқда турган қўшниси опадан фарқли: «Йўқ, ҳаммаси жойида. Камимиз йўқ. Кун ўтяпти. Шунча йил совуқдан ўлмадик, умр берса, бунисиданам ўтволармиз. Энди, нимаям қилардик. Кўпга келган тўй. Шукр, ёзда таппига кўмир аралаштириб, ғамлаб қўямиз. Кейин қиши билан жонимизга ора киради. Қўйинг, бизнинг дардимизни ёзаман деб бошингизни балога қўйманг», деди ўзи ҳам зўрма-зўраки кулиб.

Фото: «Дарё» / Шаҳбоз Олимзода

Бир ҳовлига кирсам, уй эгаси дадилроқ экан, чироқнинг кўп ўчаётгани, «столба»ларнинг эскилиги, электр симларнинг муддати аллақачон ўтганидан арз қилди. «Болалигимда печ, таппи нималигини билмай ўсганман. Ёшим ўтиб, невара-чевара туғилгач, мана, секин-секин ота-бувам яшаган замондаги нарсаларни ишлатяпмиз. Тарихнинг айлангани шунчаликдир-да!», деди томда туриб.

«Таппи тайёрлашга уста бўп кетганмиз! — деди бошқа амаки. — Уят бўлсаям айтай, сигир-молларимиз ‘хом ашё’ етказишга улгурмаяпти. Хайрият шуларнинг борлиги. Ота-бобомиз кирза этик кийиб, таппи ясаганини айтиб берарди. Эртак деб ўйлаганмиз ўша кунларни. Энди ўзимиз ҳам шу ‘ҳунаръни тутдик».

Ёз бўйи қишга ҳозирлик кўрган оиланинг захираси.

Фото: «Дарё» / Шаҳбоз Олимзода

Гўнгга кўмирни аралаштириб, турли шаклдаги (думалоқ, овалсимон, ғишт кўринишидаги) таппиларни тайёрлашни аҳоли ёздан бошлайди. Худди иморатга ғишт қуйгандек ҳовлилар, кўчалар, офтоб тикка тушадиган жойлар таппига тўлиб кетади. Яхшилаб қуритилган, нами қочганлари бирма-бир бостирма, оғилхона, ёмғирдан панага саржиндек тахланади.

Одамларнинг йилдан йил тажрибаси ошаётганини кўмирни қайта ишлашда қўл келаётганига гувоҳ бўлдим. Баъзилар пулни тежаш, рўзғор харажатларини ўйлаб, кўмирнинг кукунини сотиб олади. Сўнг кукун кенгроқ жойга тўкилиб, сув аралаштирилиб, махсус шаклга — худди хамир зуваласидек узиб олиниб, бир четга тахланади. Йирик кўмирнинг килосини 1460 сўмга олгандан кўра, меҳнатини айтмаса, килоси 500 сўмга тушадиган кўмир кукуни қўли калта оилаларнинг оғирини енгиллатади.

Кўмир кукунидан тайёрланган «ғишт-кўмир»лар. Анча вақтгача ёниб, чўғни ушлаб туради.

Фото: «Дарё» / Шаҳбоз Олимзода

Маҳаллаларни навбати билан айланарканман, аҳоли «печкали қиш»га аллақачон кўниб, мослашиб («масъуллардан газ сўраб чарчаганмиз», дейди ҳаммаси), ҳатто ўтин-кўмирининг захирасини аввалдан хомчўтлаб, бостирма-ю ертўла, оғилхонасини тўлдириб, совуқ кунларга шай бўлиб яшаяпти. Газ кутганларнинг ҳафсаласи ўлганига анча бўлибди. Йилт этган чўғга ҳеч ким алданмоқчи эмас.

Деярли барчанинг юз-кўзида истеҳзо, «Қўлингдан нима ҳам келарди? Аҳволимизни ёзганинг билан газ берармиди?» деган ифода очиқ-ошкора билиниб турарди... Кўчаларни охиригача айланишга сабрим етмади, йўл ярмидан қайтдим.

Шом кирганига мўрилардан аста-секин аччиқ тутун чиқа бошлади. Ҳамма дуд-у таппи ҳиди ўрнашган иссиқ, тафти баланд уйига шошади. Биров билан бировнинг иши йўқ. Кўпнинг кун мавзуси — ўтин нархи, қачон қаттиқ совуқ бошланиши, бу йилга қанча кўмир ғамлагани, тапписидан қанча қолгани ва яна қанча вақтгача етиши...

Фото: «Дарё» / Шаҳбоз Олимзода

Улар учун қишдан эсон-омон чиқиш — омад, бахт. Мен бўлсам, пойтахтдаги арзимас, майда муаммоларимни ечолсам, омадга тенглаштириб ўтирибман.

Барига қўл силтаб, қадамимни тезлатдим. Бувим печга тўлдириб солган, чирсиллаб ёнаётган ўтин ҳидини тўйиб-тўйиб симиргани уйга ошиқдим.