Самарқанд шаҳри Сартепо массивида жойлашган «Товуқ маҳсулотлари пишириб сотиш» савдо дўконида 7 декабрь куни ёнғин юз берганди. Ижтимоий тармоқларда ҳолат акс этган видеолар тарқалди. Унда кучли ёнғин орасида портлаш бўлганини кўриш мумкин.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотларига кўра, соат 15:08 да келиб тушган хабарга биноан 3 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 15:15 да етиб бориб, ёнғин соат 15:17 да қуршаб олинган ва 15:22 да бартараф этилган.

Ёнғин оқибатида савдо дўконининг тахминан 15 квадрат метр майдонда шифти, том қисми ҳамда ички қисмидаги маҳсулотлар ёниб зарарланган.

Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Бундан аввал Самарқанд вилояти Жомбой туманида елим ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлгани, Самарқанд туманида бир-бирига туташ учта хонадонда ёнғин чиққани ҳақида хабар берилган эди. Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.