Машина ҳайдаш эркак кишига ярашади, дейди кўпчилик. Рости, бу ҳукм сал нотўғри. Бугун аёллар ҳам эркаклардан қолишмай, техника тилини тушунишга, ҳатто оғир юк машиналарини қўрқмай бошқаришга уринишаётганини кўриш мумкин. Аммо айримлар бунга ҳамон нохолис баҳо бериб, турфа зиддият, қарама-қарши фикрларни алангалатади.

Аслида, аёл киши нега машина ҳайдайди, ҳайдай оладими, йўл-транспорт ҳодисаларига кўп «ҳисса» қўшадими, йўлларда хатолар қилавериб, бошқа ҳайдовчиларнинг хавфсизлигига соя соладими, нега аксар эркак ҳайдовчилар доим уларни уқувсизлик, тажрибасизлик ва қоидаларни билмасликда айблайди? «Дарё» шу саволлар билан мутахассисларга юзланганда, мутлақо бошқача жавобларни олди, ҳар доим ҳам аёл ҳайдовчи айбдор бўлавермаслигини статистик маълумотлар тасдиқлади.

«Фақат тажрибали ва тажрибасиз ҳайдовчи бўлади»

– Аёллар доим қандайдир кўнгилсизлик чиқариб машина ҳайдамаса ҳисобмас, дейдиганлар кўп. Бу тамоман стереотип, – дейди «Autolady.uz» автомактаби инструктори Дурдона Муҳитдинова.Ўзиаёл-эркак ҳайдовчи, деб ажратиш мутлақо нотўғри. Фақат яхши, тажрибали ёки тажрибасиз ҳайдовчи бўлиши мумкин. Аёллар барчасини эплайди. Уларга ишониш керак. 18 йилдан бери машина бошқараман. Бошида менгаям норози қарайдиганлар кўп бўларди. Лекин, мана, ҳозир ўқитувчи-ўргатувчи мақомидаман.

Дурдона Муҳитдинова

Фото: Шахсий архивдан

2000 йили ҳайдовчилик гувоҳномасини олганман. У вақтлар йўлларда аёл ҳайдовчилар деярли йўқ эди. Автомактаблар ҳар бир туманда биттадан эди. Ҳозир эса ҳар қадамда автомактаб, йўлларда ҳам аёл ҳайдовчилар сероб. Ўша пайтдаги аёлларнинг йўлларда пайдо бўлиши, ростмана ажабланишга сабаб бўлгани табиий. Лекин орадан қанча вақт ўтса-да, бизнинг жамият аллақачон одатий ҳолга айланиб бўлган бу «ҳодиса»ни ҳали-ҳануз қабул қилолмаслиги, буни ўзининг хатти-ҳаракатию, сўзлари орқали ифодалаши ғалати.

Анча йиллардан бери машина бошқарадиган аёл ҳайдовчилардан йўллардаги вазият, эркак «ҳамкасб»ларининг уларга қандай муносабатда бўлишларини сўраганда қуйидаги жавоблар янгради:

– Кимнингдир йўлини билмай тўсиб қўйсам, атай олдинга ўтиб, мениям йўлимни тўсадиганлар бўлади. Ёки айримларнинг атайин сиқиб ҳаракатланишини тушунолмайман. «Аёл киши бўла туриб, мендан яхши ҳайдаркан» деб ўйлайдими, билмайман... Катта йўлларда гоҳи кимгадир халал берсам, бўралаб сўкиб, аллақандай сўзларни қалаштириб, «Уйда ўтирсанг бўлмайдими?», дейдиганлар ҳам учрайди. Улар ҳар бир ҳақоратланган аёл ўрнида онаси, опа-синглиси, турмуш ўртоғи бўлиши мумкинлигини ҳеч ўйлармикан? – дейди 21 йиллик ҳайдовчилик тажрибасига эга Зебо Усмонова.

Зебо Усмонова

Фото: Шахсий архивдан

Йўлларда рўй берадиган ҳалокатлар, йўл ҳаракати қоидаларининг қўпол бузилишида аёлларни айблайдиганлар кўп. Лекин исм-шарифини ошкор этишни истамаган йўл-патруль хизмати ходими бунинг аксини айтди:

Аёл ҳайдовчилар кам. Шунинг учун улар дарров кўзга ташланади. Лекин эътибор берилса, бирор аёлнинг шошиб, тартибсиз, ҳовлиқиб машина ҳайдаётганини деярли учратмайсиз. Камдан кам ҳолатлардагина тезликни оширишлари мумкин. Ҳар бир қоидага амал қилиб, тезликни оширмай ҳайдаётган аёл орқаси ёки ён-веридаги эркак ҳайдовчиларнинг ғашига тегиши, асабийлаштириши тайин. Лекин у қоида бўйича кетяпти. Шуни унутмайлик. Ҳеч қандай қоидабузарликка йўл қўймаяпти. Айрим эркаклардек пала-партиш ҳайдамаслиги унинг айби, хатоси эмас. Балки, шунинг учун ҳам эркаклар аёл ҳайдовчиларга нисбатан ёқимсиз муносабат билдиришар.

– Европа давлатларидаги ҳайдовчилар маҳорати, билими, маданиятига қойил қолганман, – дейди Дурдона Муҳитдинова. – Улар ўз ҳуқуқ ва мажбурият, масъулиятини аниқ билади. Тартибни ёқтиради, амал қилади ва бошқалардан ҳам шуни сўрайди. Бизда-чи? Ҳайдовчиларимизнинг кўпи сабрсиз. Керак ёки зарур бўлмаган жойларда тинмай «сигнал» чалаверади. Энг қизиғи, аёллар ҳам бир-бирига шу «қилиқ»ни қилади. Демак, икки тоифада ҳам аввало, маданиятни шакллантириш, ўзаро ҳурматни ошириш керак.

Аёллар машина ҳайдашда чинданам нўноқми?

Айримлар аёлларни автомактабдаги машғулотларни ўзлаштиришга, машина механизмларини ўрганишга қобилиятсиз, уқувсиз деб ҳисоблайди. Лекин ўқиш кўрсаткичи, фаоллик ҳисобга олинса, бу тахмин ҳам нотўғрилиги яққол билинади.

– 7 йилдан бери автомактабда инструкторман. Аёл ўқувчилар билан доим ишлашга тўғри келади. Уларнинг иштиёқи, машина бошқаришга астойдил киришганини кўриб, «Йигитлардан яхшироқ-ку!» дейман ҳамкасбларимга, – дейди «Жиҳоз-бизнес» автомактаби инструктори Бахтиёр МўминовАёлларда энг бошида қўрқув ва иккиланиш, эркакларда асабийлашиш кузатилади. Худди рул уларнинг душманидек. Ҳайдовчига 1 сония кўп, 0,8 сониядаёқ қарор қилиб, манёвр бажариши керак. Аёлларда бу ҳолат озгина чўзилади. Амалиёт пайти бунинг ҳам ечимини топиш, иккала жинс вакилига кўникмаларни тенг сингдириш мумкин.

Бахтиёр Мўминов

Фото: Шахсий архивдан

Хатоларга келсакёмон ҳайдайдиганлар орасида эркаклар ҳам, аёллар ҳам бор. Лекин аёлларники дарров билинади. Негаки улар йўлларда энди-энди пайдо бўлишмоқда. Ўзбекистонда тахминан, 80 фоиз эркак, 20 фоиз аёл машина ҳайдайди. Балки шунинг учун ҳам аёлларнинг кичик хатоси кўзга тез ташланар. Агар фоизлар аксинча бўлса, биз эркакларнинг хатолари кўпроқ тилга тушарди. Очиғи, аёл ҳайдовчиларни ёмон, де(ёл)майман. Мен ҳадеб олди-орқасидагини қувиб ўтадиган, тезликни ошириб, қоидаларни қўпол тарзда бузадиган бошқарувчиларни аёл ёки эркак бўлишидан қатъи назар, ҳайдовчи деб атамайман. Икки тоифа орасида яхшисиям, ёмониям бўлиши табиий. Уларни аёл ёки эркак, деб ажратиш, кимлигига қараб, ишига баҳо бериш нотўғри.

– Аёллар машина ҳайдашни эркаклардан секинроқ ўзлаштириши бор гап, – дейди Дурдона Муҳитдинова. – Эркакларга бир марта тушунтирганингизни қизларга уч мартадан такрорлашга тўғри келади баъзан. Масалан, эркакларда мўлжал олиш анча аниқ. Буни машинани орқага ҳайдаш амалиётида кўриш мумкин. Орқага ҳайдаётганда чапроқ юриш учун рулни чапга, ўнгроққа юриш керак бўлса, ўнгга бурилади. Қизлар эса негадир бу вазифани аксинча бажаради.

Бу борада уларнинг кечикишини тушуниш мумкин. Қизлар ёшлигидан машина эмас, қўғирчоқ ўйнаб улғаяди. Йигитлар ўйинчоқ машина бошқариб, бузиб, ақли етганча ичларини ҳам ўрганади. Бир неча уринишда бўлса-да, аёлларнинг машина бошқариш кўникмаларини ўзлаштириши таҳсинга лойиқ. Эътибор берганмисиз, аёл ошхонада овқат пишираётиб телефонда гаплашишга, орада фарзандларини кутиб-кузатишга, уй ишларини бажаришга – ҳаммасига улгуради. Табиатан бир вақтда бир нечта вазифани бажара олишга қуввати етади.

Машина бошқаришда ҳам айнан шу қобилият зарур: тўғри йўлни, чап, ўнг тарафни ва орқани кузатиш учун мултифункционал бўлиш керак. Агар аёллар шуни яхши тушуниб етишса, эркаклардек маҳоратли ҳайдовчига айланади.

Зебо Усмонова ҳам бу борада фикрларини қўшимча қилади:

– Нўноқ дейиш қанчалик тўғри, билмадим-у, аммо айримлар «сигнал» чалиб, «Ўтказиб юбор!» деса, аёлмикан орқамдаги дейман. Қарасам, эркак бўлади. 2000 йилдан бери рулдаман. Йўллардаги ЙТҲларга эркакларнинг тезликни ошириши сабаб бўлганини кўп кўрганман. Аёллар тезликни деярли оширмайди. Бир устунликни тан олайлик, эркакларда диққат, мўлжал олиш бизга нисбатан кучли. Аёлнинг хаёли бироз тарқоқ бўлади. Минг ташвиши орасида қарор чиқаришга кечикади. Масалан, олдиндаги машина бурилиш чироғини ёқмай, сиз кетаётган бўлакда пайдо бўлса, вақтида манёвр қилолмаслигингиз мумкин. Лекин шу вазиятда эркак киши тезликни камайтириб, ўнг ёки чапга ўтиб олади.

«Камчилик қатори, ютуғи ҳам айтилса, адолатли бўлади»

Йўлларда аёлларга нисбатан ҳурматсизлик, масхаралаш, ноўрин сўзлар билан ҳақоратлаш, уларнинг қобилиятини етарлича баҳоламаслик, афсуски, кўп кузатилади. Бунинг илдизини мутахассислар автомактаблардаги инструкторларнинг қўпол муносабатига ҳам қисман боғлайдилар.

– Мен кўрган, таниган ва билган инструкторлар аёл ўқувчиларига шу қадар қўпол муомала қиладики, натижада бўлажак ҳайдовчида атрофдагиларга нисбатан шундай муносабат тўғри экан, деган фикр шаклланади? – дейди Дурдона Муҳитдинова. – Аксар ўргатувчи ўқувчининг ютуғидан кўра, камчилигини дўқ билан таъкидлайди. Тўғри, ҳайдовчининг хато қилишга ҳаққи йўқ. Уларни вақтида айтиш шарт. Аммо камчиликлари қатори қайси ҳаракати олқишга сазовор бўлганини айтса, адолатли бўларди.  Мана, йўлдаги ўзаро ҳурматсизликнинг негизи қаерга тақаляпти? Ўқувчиларни чиройли муомала, тўғри муносабат ва тегишли қоидалар асосида тарбияласак, балки, яқин келажакда бизнинг ҳам йўлларда ҳайдовчилик маданияти, тартиб пайдо бўлар.

Ўқувчиларимга дарснинг илк куниёқ ишонч билдираман, руҳан далда бераман ва шу ергача етиб келишнинг ўзи мардлик эканини таъкидлайман. Бошқарув вақти хатоларини ютуқлари билан бир хил оҳангда тушунтираман.

Йўл қоидалари ҳақида гап кетганда, аксар эркак ҳайдовчилар рулдаги аёлларни четлаб ўтишга ёки йўл беришга ҳаракат қилади. Лекин баъзилар аёл бошқарувидаги машинани сиқишга, атайин йўлини тўсиб, турли кераксиз манёврлар қилишга уриниши, афсуски, учраб туради.

Тахминан, 1990 йилларда эркаклар машина бошқарувидаги аёлларга нисбатан ҳақиқий маънода жентльмен эди, йўл берарди. Бугун йўл бериш тугул, ўз бўлагида ҳаракатланаётган аёлларнинг машинасини сиқиб, керак бўлмаса-да, ўзиб кетишга уринадиган қитмирлар кўп. Яна қўпол ҳаракатларни оқлаб: «Машина ҳайдаш аёлларга эмас-да», деб қўяқолишади.

Айнан шундай ҳолатларга инструктор Бахтиёр Мўминов ҳам гувоҳ бўлганини айтади:

– Ўринсиз «сигнал» чалиш, бурилиш чироғини ёқса, йўл бермаслик ҳоллари кўп учрайди. Буни кўриб бошқа ҳайдовчилар аёлларни қайрилиш, бошқа бўлакка ўтишни ҳам уддалолмасликда айблайди. Ваҳоланки, аёл тартибни бузмай, олдидаги машинанинг йўл беришини кутаётган бўлади.

Шахсий кузатувларидан келиб чиқиб, Дурдона Муҳитдинова қизлар қоидаларни унутмаслиги учун ажойиб  усулни қўллашга қарор қилган:

– Аёл ўқувчиларимнинг доимий такрорлайдиган хатоси – хавфсизлик камарини тўғри тақмаслигидир. Бу унутилмас қоида одат бўлиши шарт. Уларга: «Худо кўрсатмасин, бирор кор-ҳол бўлса, шу камар юзингизни жароҳатланишдан (нисбатан) сақлаб қолади. Агар у тақилмаган бўлса, соғлиғингизни ҳам, ҳуснингизни ҳам тиклаш анча қийин бўлади», – дейман. Қанчалик кулгили, қизиқ туюлмасин, ҳусн аёллар учун нозик масала. Шу гапимдан кейин улар бу қоидани эслатмаларсиз бажаришади.

Зебо Усмонова эса аёлларга нисбатан қўпол муносабатда бўлувчи эркакларга қуйидагиларни етказишни истайди:

– Аёл кишини рулда кўриб, аччиқланадиган эркаклар бир нарсани тушунишсин: биз худди сиздек иш қилишимиз – бу сиздан устунлигимиз ёки тенгликка интилаётганимизни билдирмайди. Шунчаки, қулайлик, эҳтиёж сабаб, баъзан зарурат юзасидан машинага ўтирганмиз. Эркакларнинг вақти тиғиз, иши кўп бир пайтда аёли фарзандлари ёки қайнона-қайнотасини қаергадир элтиб қўйиши, албатта, оилага енгиллик бўлади. Аслида, ҳеч бир эркак йўлда аёли шаънига ёғиладиган хунук гапларни ҳазм қилолмайди.

Рақамлар тахминнинг аксини ифодаласа...

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотига кўра, Ўзбекистонда 2021 йилнинг 10 ойида содир этилган ЙТҲлар сони 7681 тани ташкил этган. Шундан 1964 киши вафот этиб, 6886 нафари жароҳатланган. Ушбу ЙТҲлар жинс бўйича таҳлил этилганда, уларни 202 нафар аёл ва 7479 нафар эркак содир этгани аниқланган.

Инфографика: «Дарё» / Муқаддас Мусаева

Россияда ҳам рақамлар аёллар «фойдаси»га ишлаши аниқланган. «ТАСС» ахборот агентлигининг билдиришича, 2021 йил 10 март ҳолати бўйича Россияда 8100 та ЙТҲ содир этилган. Қоидабузарлар 30-40 ёш атрофидаги эркаклар бўлган. Россия давлат автоинспекциясига кўра,  аёллар эркакларга нисбатан эҳтиёткорроқ ва кам ҳолларда жиддий ЙТҲларга сабабчи бўлади. Ўлим ва жароҳат етказиш бўйича содир этилган ЙТҲларнинг 81 фоизи эркаклар, 19 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келади.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Статистика қўмитаси маълумотларида 2020 йил рўйхатга олинган йўл ҳаракати ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш бўйича жиноятлар ўлим билан тугаган ҳолатларда 1689 тани ташкил этган. Бу рақамлар 2019 йили 251 тага кўп бўлган, яъни 1940 та. 2021 йилнинг 10 ойлигидаёқ бу кўрсаткич аввалги йиллардан баландроқ бўлганини, ўлимлар 2 мингга яқинни ташкил этгани ачинарли.

2020 йилнинг 24 ноябрида ИWPР Central Asia медиа-ташкилотининг Меdia school CABAR.asia платформаси олиб борган тадқиқотлар қуйидагиларни кўрсатади:

Инфографика: «Nemolchi.uz»

Ички ишлар вазирлиги ЙҲХББ таҳлил бўлимининг «Nemolchi.uz» лойиҳасига берган маълумотида Ўзбекистонда 2019 йили эркаклар иштирокида 8540 та, аёллар иштирокида 216 та ЙТҲ қайд этилган. 2020 йилнинг 9 ойи ичида кўрсаткичлар эркакларда 4374 тани, аёлларда 98 тани ташкил этган.

Демак, Ўзбекистонда эркаклар аёлларга нисбатан сезиларли даражада кўп ЙТҲ содир этади. Ушбу бахтсиз ҳодисалар, афсуски, кўпинча ўлим билан якунланади. 2020 йил 9 ой ичида (январь–сентябрь) ЙТҲ оқибатида 1581 нафар эркак, 18 нафар аёл вафот этган. 4935 нафар эркак ва 98 нафар аёл жароҳат олган. 2019 йилдаги ЙТҲлар 2061 нафар эркак ҳамда 32 нафар аёл ҳаётига зомин бўлган. 7695 нафар эркак ва 248 нафар аёл жароҳатланган.

Эътибор беринг, ушбу статистика ЙТҲларда ким айбдорлигини эмас, уларнинг гендер бўлинмасини кўрсатади.

АҚШдаги ЙТҲларнинг гендер бўлинмаси

АҚШ фуқаролари ўртасида эркак ва аёллар учун берилган ҳайдовчилик гувоҳномалари сони сезиларли фарқ қилмайди. Лекин шунга қарамай, 2019 йил эркаклар иштирокидаги ЙТҲлар аёлларга нисбатан 2 638 417 тага кўп бўлганини кўриш мумкин.

Эркаклар руль бошқарувида хавфли манёврларга мойилроқ бўлади. Масалан, тезликни ошириш ёки маст ҳолда рулга ўтиришда улар таваккал қила оладилар. Ҳар йили АҚШда ЙТҲ оқибатида вафот этган эркакларнинг қон таҳлилида аёлларникига нисбатан 0,8 фоиз кўпроқ алкоголь аниқланган. Шунингдек, тезликни ошириш орқали юзага келган ўлим билан тугаган ЙТҲлар ҳам айнан эркаклар бошқарувида юзага келган. Бундан ташқари, хавфсизлик камаридан ҳам аёлларга нисбатан камроқ фойдаланадилар, деб ёзади CABAR.asia.

2019 йили Compare the Market суғурта компаниясининг ўтказган тадқиқотларида ЙТҲларнинг 65 фоизи эркаклар, 35 фоизи аёллар бошқарувидаги машиналар иштирокида юзага келган.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, «Машина ҳайдаш эркакнинг иши» деган гап бир ёқлама, камситишдек эшитилади. Йўлларда эркак ҳайдовчилар қатори қоидаларга риоя этиб, баъзан бошқалардан-да кўпроқ масъулиятни ҳис этиб улов бошқараётган аёллар сони йилдан йил кўпаймоқда. Бунга ҳавас ёки мақтаниш, кимгадир кўзкўзлаш эмас, ҳаётий зарурат, вақтдан ютиш, оилавий муаммоларни елкама-елка ҳал этиш чораси деб қаралса, менимча, кўп тақиқларнинг қулфи ечилади. Турфа, бемаъни стереотипларни ҳадеб пеш қилмоқ, ҳақорат-у сўкишларга эрк бермоқ – ноўрин, камига маданиятсизликдир. Унутмайлик, ҳайдовчи эркак ва аёл деб эмас, уқувли ва уқувсиз, тажрибали ва тажрибасиз, билимли ва нўноқ бўлади.