Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида профилактика инспекторларининг хизмат машинасини ёқиб юборган шахсга суд ҳукми ўқилди, деб хабар бермоқда Олий суд матбуот котиби.

Маълум қилинишича, 1 июль куни соат 19:30 атрофида жамоат жойи ҳисобланган Каттақўрғон тумани «Намозполвон» маҳалласи ҳудудида маст ҳолда жанжал қилган фуқаро устидан шикоят келиб тушган. Профилактика инспектори вазиятни ўрганиш, жанжал қилган фуқаро билан суҳбат ўтказиш мақсадида ҳамкасби билан унинг уйига борган. Аммо у ерда тортишув яна бошланади. Фуқаро ИИО ходимларининг қонуний талабига бўйсунмаган ва уйидан пичоқ кўтариб чиқиб, профилактика инспекторларига ташланган.

Қайд этилишича, ходимлар хавфсиз жойга ўтиб, туман ИИБдан тергов тезкор гуруҳини чақирган. Бу орада фуқаро уйи олдида қаровсиз қолган ходимларнинг хизмат автомобилини ёқиб юборган.

Таъкидланишича, у Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «а» банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан қилинган безорилик), 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш; қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек, қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш йўли билан), 140-моддаси 3-қисми «а» банди (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш), 173-моддаси 3-қисми «а» банди (хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахснинг ёки унинг яқин қариндошларининг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) моддалари билан айбдор деб топилган. Унга нисбатан 4 йил-у 2 ой, ўталмай қолган муддати қўшилиб, жами 4 йил-у 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши хабар қилинган эди. Таъкидланишича, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.