Россиянинг Нижегород вилоятида ўзбекистонликлар бўлган автобус «КамАЗ»га тўқнашди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: Нижний Новгород прокуратураси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, воқеа 9 декабрь куни юз берган. Автобусда жами 23 нафар йўловчи бўлган. Ишчилар ташиш билан шуғулланган автобус ҳайдовчиси йўл шароитига мос бўлмаган тезликда ҳаракатланиши оқибатида автобус қарама-қарши йўлга чиқиб кетиб, «КамАЗ»га тўқнашган.

Ҳодиса оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлган, йўловчиларнинг 11 нафари тан жароҳати олган. «РИА Новости»нинг фавқулодда хизматларга таяниб қўшимча қилишича, ЙТҲда жабрланганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари бўлган.

Айни пайтда ҳодиса юзасидан вилоят прокуратураси томонидан текширув ишлари ташкил этилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.