Тошкент шаҳрида «Хавфсиз пойтахт» концепцияси асосида махсус рейд тадбирлари бўлиб ўтмоқда, деб хабар қилди шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси.

Маълум қилинишича, рейд давомида бир қатор қоидабузарликлар аниқланган. Жумладан, «Гелендваген» ҳайдовчиси Йўл-патруль хизмати ходимининг жезл ёрдамида тўхтатиш ишорасига қарамай, йўлида давом этаверганн. Махсус бўлинма уринишларидан сўнг қоидабузар тўхташга мажбур бўлган.

Қайд этилишича, текширув чоғида ҳайдовчининг спиртли ичимлик таъсирида маст экани аниқланган. «Туғилган кунда ўтирдим, ароқ ичдим. Бўлди, ‘нарушение’ қилдим, (баённома) ёзинглар, ‘штраф’га тиқинглар, ‘правам’ни ‘решат’ қилинглар, бўлди», — деган ҳайдовчи.

Бундан ташқари, шаҳарнинг Махтумқули—Мирзо Улуғбек чорраҳасида яна бир ҳайдовчи инспекторнинг тўхташ ишорасига амал қилмай, қочиб кетмоқчи бўлган. Mercedes-Benz S классдаги машина тўхтатилганда ҳайдовчи «Кўрмай қолибман», деб ўз қилмишини оқлаган.

Қайд этилишича, ҳар икки ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, қонуний чора кўрилган.