Қашқадарёда ЙПХ ходимининг фаолиятига қаршилик кўрсатган қоидабузар ҳайдовчи 10 суткага қамалди, деб хабар берди ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати.

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидан ўтган йўлда мултирадар ўрнатилган ЙПХ автомобили белги бўлмаган жойда ишлаётгани айтилган видео тарқалди. Маълум қилинишича, ҳолат 9 декабрь куни содир бўлган. ЙПХ ходими Н.Тилаков мултирадар мосламаси билан жиҳозланган автомобилда хизмат олиб бораётган вақтда Cobalt русумли автомобиль ҳайдовчиси тезлик қоидаларини бузган.

Ҳайдовчи ходимнинг ёнига келиб, тезликни меъёрдан оширгани бўйича қайд этилган қоидабузарликни ўчиришини сўраб, унга бир қанча эътирозлар билдирган. Ушбу йўлда ҳаракатланаётган бошқа ҳайдовчилар ҳам уларнинг ёнига тўхтаган. Норози кайфиятдаги ҳайдовчи ушбу фуқароларга ҳам ходим нотўғри хизмат олиб бораётганини таъкидлаб, ходимнинг фаолиятига халақит берган.

Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ масъуллари томонидан ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар тўпланган ва иш 13 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судида ўрганиб чиқилган.

Фуқаро Ш.А. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-моддасида (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) кўрсатиб ўтилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилган ва унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Аввалроқ Тошкентда ЙПХ ходимларига фаол қаршилик кўрсатган эркакка нисбатан жиноят иши очилгани, Тошкентда ЙПХ ходимларидан қочишга уринган Spark ҳайдовчиси ушлангани тўғрисида хабар берилганди.