Самарқанд шаҳри, Кимёгарлар қўрғони, «Маданият» маҳалласи ҳудудидаги кўп қаватли уйлардан бирида 16 декабрь куни тунги соат 03:00 атрофида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар қилди.

Фото: «Дарё»

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган уй эгаси Л.П.нинг маълум қилишича, 15 декабрь куни кун давомида электрда кўплаб узилишлар бўлган. Набираси шам ёруғида дарс қилиб ухлаб қолган. Оқибатда ёнғин келиб чиққан.

«Биз ухлаб ётгандик. Соат тахминан 03:00 атрофида қандайдир ис чиққанини сезиб қолдим. Балконни очсам, ҳеч нарса йўқ. Бу хонага келиб қарасам, хона дим бўлиб ётган, буюмлар ёнган экан. Қўшниларимни чақириб, шу ҳолда сақлаб қолдик. Неварам ‘свет’ ўчганидан сўнг шам ёруғида уй вазифаларини бажариб, ухлаб қолган. Ёнғин келиб чиқиш сабаби ҳам шу. Кеча кун бўйи ‘свет’ тинимсиз ўчиб турди. Бундай ҳолда дарс қилиб бўлмасди», — дейди у.

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, ёнғин оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган, хоналардан бири ва ундаги жиҳозлар ёниб, зарарланган.

«Маданият» маҳалласи 19-кўп қаватли уйда яшовчи фуқароларнинг таъкидлашича, 15 декабрь куни кун давомида электр таъминотида тинимсиз узилишлар бўлган.

«Биз яшаётган ҳудудда иситиш тизими йўқ. Шу сабабли қиш келиши билан барча электр иситиш ускуналарига ўтади. ‘Свет’ ўчиши билан уйлар совиб кетади», — дейди «Дарё» мухбири билан суҳбатда «Маданият» маҳалласида яшовчи фуқаролардан бири.

Фото: «Дарё»

«Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ масъул ходими Гулзухра Сайдуллаева ёнғин содир бўлган хонадонга бориб ўрганилгандан сўнг ҳолат бўйича маълумот беришини таъкидлади.

Самарқанд вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси диспетчерлик хизмати воқеа содир бўлганини тасдиқлади. Бу бўйича батафсил маълумотни бошқарма матбуот хизмати раҳбари беришини маълум қилди. Самарқанд вилоят ФВБ матбуот хизмати раҳбари Илҳом Боқиев вилоятнинг бошқа бир туманида тадбирда экани сабабли воқеа юзасидан маълумотни кейинроқ беришини маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Маълумот учун, «Дарё» таҳририяти Самарқанд вилоят ФВБдан вилоятда содир бўлаётган фавқулодда ҳолатларнинг тафсилоти бўйича маълумот олишда биринчи марта муаммога дуч келаётгани йўқ. Бундан аввал ҳам таҳририят Самарқанд вилоятида 8 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб вафот этгани, уларнинг 5 нафари вояга етмаган болалар эканлиги юзасидан боғланиб, содир бўлган ҳолатлар қачон ва қаерда бўлганлиги бўйича берилган сўровига жавоб олмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 15 декабрга қадар Ўзбекистонда ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши туфайли 125 киши вафот этган, 115 киши жабрланган.