Тошкент шаҳрида «Хавфсиз пойтахт» концепцияси асосида ўтказилаётган махсус рейд тадбирлари давомида ўзини ходим деб таништирган фуқаро Йўл-патруль хизмати ходимларини ҳақоратлаб, таҳдид қилди. Бу ҳақда «Тошкент» телеканалида хабар қилинди.

Маълум қилинишича, махсус рейд текширувлари пайтида ҳужжатларини текшириш мақсадида Malibu автомобили тўхтатилган. Ҳайдовчи аёл ЙПХ ходимининг мурожаатига жавоб бермай, ҳужжатларини кўрсатмаган ва телефон орқали танишларини чақирган.

Қайд этилишича, ҳайдовчи ортидан етиб келган икки шахс рейдга жалб қилинган ходимларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаб, таҳдид қила бошлаган.

«Ёп камерангни. Ёп, деяпман. Ҳозир камерангни синдириб ташлайман-да, қўлингга минг доллар бераман. Янгисини оласан. Тасвирга олма, ходимман», — деган улардан бири.

Таъкидланишича, ёрдамчи кучлар келгандан сўнг ўзини ходим деб таништирган шахс аслида ҳеч қандай ходим эмаслиги маълум бўлган. Ҳайдовчига тегишли тартибда чора кўрилиб, автомобиль жарима майдончасига қўйилган.