Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги ошхонада 19 декабрь куни портлаш содир бўлди, деб хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Маълум қилинишича, шу куни соат 14:20 да туманнинг «Наврўз» маҳалласи Амир Темур кўчасида жойлашган «Лаззат» ошхонасида чақнаш содир бўлган. Воқеа жойида 2 та пропан газ баллони бўлган.

Чақнаш оқибатида ошхонанинг тахминан 40 квадрат метр майдонида шифт қисми ва жиҳозлар ёнган. Бирламчи маълумотларга кўра, 10 нафар фуқаро тан жароҳати олиб, туман шифохонасига олиб борилган.

Қайд этилишича, ёнғин-қутқарув экипажи соат 14:23 да ҳодиса жойига етиб бориб, 14:29 да ёнғин ҳудудини қуршаб олган ва соат 14:54 да ҳолат бартараф этилган.

Воқеа жойига вилоят ҳамда туман ФВБ раҳбар ходимлари, ИИБ, прокуратура, тиббиёт, газ хизматлари ходимлари ва 2 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган.

«Содир бўлган ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.