Фарғона вилоятида аҳолини соғлом турмуш тарзига ўргатиш мақсадида янги тажриба йўлга қўйилади. Агар ортиқча вазнга эга раҳбарлар ва фуқаролар вазн ташласа, уларга маълум миқдорда пул мукофоти тўланади. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров халқ депутатлари вилоят кенгашининг 38-сессиясида маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё» / Сардорбек Орипов

«Энг катта хатомиз – соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслигимиз. Фарғона тажрибасини йўлга қўйиш бўйича топшириқ бердим. Қарор ва низом қиляпмиз. Ортиқча вазнга эга раҳбар йил давомида 5 килодан бошлаб 10-15 килогача вазн ташласа, биз унга пул мукофоти берамиз.

Унинг тартиби қанақа бўлади? Ҳар бир шаҳар-туманда алоҳида комиссия бўлади. Масалан, бир раҳбар ё фуқаро ўзи яшайдиган ҳудуддаги поликлиникага боради ва бугунги сана билан рўйхатдан ўтади. Вазнини ўлчатиб, ёздириб қўяди. Агар ўша одам олти ойдан кейин 5 килога озса, биз унга энг камида 2,5 миллион сўм пул берамиз. Тасаввур қилинг, 1 кило вазн ташлаганга беш юз мингдан тўлаймиз. Ўзи кулгили, лекин шундай қилмасак бўлмайди. Бу ҳам Фарғона тажрибаси бўлади. 5 кило вазн ташласа 2,5 миллион, 10 кило вазн ташласа, 5 миллион пул олади. Кейин унга пул беришнинг ҳожати қолмайди. 10 кило вазн ташласа, ўзи ҳам енгил бўлиб қолади. Дунёга бошқача кўз билан қарашни бошлайди.

Одамларга спорт билан шуғулланишни, ҳеч бўлмаса, пиёда юришни ўргатишимиз, тарғиб қилишимиз керак. Кунига минг қадам юрсанг, қанақа бўласан, кунига беш минг қадам юрсанг, қанақа бўласан? Агар кунига ўн минг қадам юришни одат қилсанг, қанақа бўласан? Биз шуни кўрсатиб беришимиз, фарқини тушунтириб беришимиз керак. Шуни тушуниб етган одам ҳар куни ўн минг қадам пиёда юришга ҳаракат қилади», — дейди вилоят ҳокими.

Вилоят раҳбари аҳолини кенг кўламда маданий ва спорт тадбирларига жалб этиш, соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш масаласига ўргатиш кераклигини таъкидлаган.

«Спорт соғлом турмуш гарови эканлигига бир мисол келтирмоқчиман. Яқинда вилоятимизга ташриф буюрган Япония инвесторлари билан учрашувда кўринишидан 60-65 ёшга ўхшайдиган икки нафар инвесторлар эътиборимни тортди. Суриштириб билсам, бири — 76 ёш, иккинчиси эса 81 ёшда экан.

Бунинг сирини сўраганимда, 76 ёшдагиси ҳар куни 1 соат электрон югуриш йўлакчасида югуришини, 81 ёшдагиси эса ҳар куни эрталаб 10 километр пиёда юриши ва тўғри овқатланишини айтди», — дея қайд этади Хайрулло Бозоров.

Фото: «Дарё» / Сардорбек Орипов

Шунингдек, вилоят ҳокими «Соғлом бўламан десанг югур, чиройли бўламан десанг югур, узоқ умр кўраман десанг югур» деган шиорни эслатиб ўтган. «Японлар мисоли биз ҳали ҳеч нима қилмаганлигимизни кўрсатди. Шунинг учун аҳолини дам олишга ҳам, спортга ҳам ўргатиш керак. Бу борада ҳокимлар, ўринбосарлар, маданият, спорт, телевидение, соғлиқни сақлаш, маҳалла раислари фаол бўлиши зарур», — дейди ҳоким.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги «Соғлом турмуш тарзи» платформаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 253-сонли қарорига мувофиқ, аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш бўйича «Соғлом турмуш тарзи» платформаси, яъни «1hls.uz» веб-саҳифаси ҳамда мобил иловаси ишга туширилганди. Сентябрь ўрталарига келиб, «1hls.uz» мобил иловаси фойдаланувчиларига пул тўлашни вақтинча тўхтатган.