Қашқадарё вилоятида фаолият юритувчи журналист ва блогерларнинг энг фаоллари саралаб олиниб, уларнинг хорижда малака ошириши йўлга қўйилади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Муроджон Азимов 2021 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ҳамда 2022 йил учун белгиланган вазифалар юзасидан аҳолига қилган мурожаатномасида айтиб ўтди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида аҳолига мурожаат йўллаган вилоят ҳокими ҳудудда жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида ҳам сўз юритиб, журналист ва блогерларни ҳамкорликка чорлаган.

«Биз ҳар қандай танқидий чиқишга дарҳол муносабат билдиришимиз ва камчиликни ўз вақтида бартараф этишимиз лозим бўлади. Вилоятда жамоатчилик назоратини кучайтириб, журналист ва блогерларимизни ҳамкорликка чорлашимиз керак. Энг фаол журналист ва блогерларни, шунингдек, энг фаол матбуот котибларини саралаб олиб, уларнинг хорижда малака ошириши учун имконият қилиб берамиз», — деган Муроджон Азимов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда журналист ва блогерлар учун кўп қаватли уйлар қурилиши мумкинлиги хабар қилинганди.