Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов маҳалласида оилавий ажрим кузатилмаган маҳалла раисларини 10 миллион сўмгача пул мукофоти берилиши ва энг яхши сиҳатгоҳда бепул даволанишини маълум қилди. Бу ҳақда Муроджон Азимовнинг 2021 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ҳамда 2022 йил учун белгиланган вазифалар юзасидан аҳолига мурожаатномасида айтиб ўтилди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, вилоят раҳбари Қашқадарё оилавий ажримлар кўрсаткичи бўйича республикада юқори ўринда туришини айтиб, «Ҳар бир оила ажрими нафақат икки кишининг, балки уларнинг барча яқинлари қалбида унутилмас изтироб ва армон бўлиб қолади. Ажрашган оилалар жамиятимизнинг синган бўлакларидир», — деган.

Муроджон Азимов Қашқадарёда 2022 йилда 200 та маҳаллада ёшлар учун замонавий майдончалар ташкил этилишини, маҳаллаларда оилавий ажримларнинг олдини олиш учун шахсан ўзи бу масалага эътибор қаратишини таъкидлаган.

«Янги йил якунида ажримлар содир этилмаган ҳар бир раисга маҳаллий бюджетдан 5 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача пул мукофоти жорий қилсак, менимча, вилоят молия бошқармаси ва депутатлар бу таклифимизни қўллаб-қувватлайди», — деган вилоят ҳокими.

У таклифни Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматовлар ҳам қўллаб-қувватлаганини билдирган.

«2022 йилда биз сиз билан Қашқадарёда оилавий ажримларга кескин қаршимиз деган компанияни бошлаймиз», — деган Муроджон Азимов.

Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилояти ҳокими аҳолига қилган мурожаатида Қашқадарёлик фаол журналист ва блогерлар хорижда малака оширишини маълум қилганди. Шунингдек, у Қаршидаги хароба ётоқхона ҳақида гапирган.