Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида содир ёнғин оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган ФВБ матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 18 декабрь куни соат 02:34 да Учқўрғон туман Фавқулодда вазиятлар бўлимининг 101 қисқа рақамига «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғинидаги 106-уй 10-хонадонида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида маълумот келиб тушган.

Туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин қутқарувчилари воқеа жойига соат 02:38 да етиб борган ва соат 02:40 да ёнғин жойи ўраб олинган. Ёнғин оқибатида яшаш уйининг ички қисмидан 40 квадрат метр жой, уй-рўзғор буюмлари, қўшни уйнинг ички қисмидан 10 квадрат метр ва 12-хонадоннинг эшиги ҳамда уйга кириш йўлак деворлари ёниб зарарланган.

Содир бўлган ёнғин соат 03:00 да ёнғин қутқарувчилари томонидан бартараф этилган.

Ёнғин ўчириш вақтида иккинчи қават йўлагидан 10-хонадон эгасининг куйган ҳолдаги жасади ва уйининг ювиниш хонасидан эса тутунга димиқиб вафот этган фарзандининг жасади топилган.

Фото: Наманган ФВБ матбуот хизмати

Ёнғин ўчириш вақтида 106-сонли кўп қаватли уйда яшовчи 6 нафар аёл, 6 нафар эркак ва 4 нафар вояга етмаган болалар Учқўрғон туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин қутқарувчилари томонидан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган.

Ҳозирда содир бўлган ёнғин юзасидан тегровга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда шам ёқиб дарс қилаётган бола ухлаб қолиши оқибатида кўп қаватли хонадонда ёнғин содир бўлгани, Сурхондарёда ёнғин бўлаётган уйдан 5 киши қутқариб олингани тўғрисида хабар берилганди.