Халқаро астрономлар жамоаси Сомон йўли галактикамизда камида 70 та янги етим сайёраларни топди. Бу ҳақда Европа жанубий обсерваторияси (ESO) сайтида хабар берилган.

Фото: ESО

Астрономлар юлдузлар гавжум майдондаги Ақраб ва Илон элтувчи юлдуз туркумларида жойлашган камида 70 та етим сайёрани топди. Уларнинг массасини Юпитер массасига қиёслаш мумкин. Олимларнинг аниқлашича, сайёралар Ердан 420 ёруғлик йили узоқликда жойлашган бўлиб, уларнинг сони ҳозиргача топилган энг катта рақамдир.

Етим сайёраларни топиш учун жамоа ердаги ва коинотдаги бир нечта телескопларнинг 20 йиллик маълумотларидан фойдаланган.

«Биз осмоннинг катта майдонида ўн миллионлаб манбаларнинг митти ҳаракатлари, ранглари ва ёруғлигини ўлчаб чиқдик. Мазкур ўлчовлар бизга ушбу минтақадаги энг заиф жисмлар — етим сайёраларни ишончли аниқлаш имконини берди», — деб тушунтирди Франциянинг Бордо астрофизика лабораториясида ва Австриянинг Вена университетида ишлайдиган астроном Нуриа Мирет-Роиг.

Фото: ESО

Янги кашф этилган етим сайёраларни ўрганиш орқали астрономлар бу сирли объектлар қандай пайдо бўлганига оид ечимларни топиши мумкин. Айрим олимларнинг тахминича, улар юлдузни шакллантириш учун жуда кичиклик қилган газ булутининг портлаши натижасида ҳосил бўлган бўлиши мумкин ёки эҳтимол, ўзларининг ота-она тизимидан ажралиб қолган. Бироқ буларнинг қай бири ҳақиқатга яқин экани номаълумлигича қолмоқда.