Самарқанд вилояти Ургут туманидаги кийим-кечак бозорида содир бўлган ёнғин Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари томонидан бартараф этилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 24 декабрь куни соат 09:10 да «Мерганча» МФЙ ҳудудида жойлашган «Ургут кийим-кечак» бозорининг 6 та дўконида ёнғин юзага келган. Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоят бошқармасидан 6 та ёнғин ўчириш экипажи зудлик билан етиб бориб, ёнғин соат 09:27 да қуршаб олинган ва соат 10:14 да тўлиқ бартараф этилган.

Ҳодиса оқибатида дўконларнинг 100 квадрат метр майдони ёниб зарарланган. «ФВВ ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида воқеа содир бўлган жойдаги бошқа дўконларга ёнғин ўтишининг олди олинди. Ёнғин оқибатида жабрланганлар ва қурбонлар йўқ», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Фарғонадаги хонадонда газ портлаши оқибатида оиланинг 4 нафар аъзоси куйиш жароҳати билан шифохонага ётқизилгани, Намангандаги хонадонда юз берган ёнғинда хонадон эгаси ва унинг фарзанди ҳалок бўлгани, Самарқандда ошхонада газ баллони портлаши оқибатида 10 киши жароҳатлангани тўғрисида хабар берилганди.