Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров «хорижий агентлар» дея эълон қилинган оммавий ахборот воситаларининг вакиллари жиноий жавобгарликка тортилиши кераклигини маълум қилди. Бу ҳақда у 26 декабрь куни ўтказган ўзининг бешинчи катта матбуот анжуманида тўхталиб ўтган, деб хабар беради Meduza.

Фото: «News.ru»

«Фикримни билишни хоҳласангизлар, ушбу сотқин ‘хорижий агентлар’ни ватанига хиёнати учун умрбод қамоққа тиқиш ёки ўз гонорарларини олган жойга ҳайдаб юбориш керак», — деган Қодиров.

Матбуот анжумани давомида Қодиров, шунингдек, Чеченистонда республикани танқид қилган одамларнинг қариндошлари оммавий равишда ўғирлаб кетилаётгани тўғрисидаги хабарларга изоҳ берган. «Бу миш-мишларни терроризмни очиқдан очиқ қўллаб-қувватловчи Европа блогерлари тарқатмоқда. Айримлари ҳатто якунланаётган йил давомида бизда 5 минг киши бедарак йўқолганини ёзди», — дейди Рамзан Қодиров.

Шу билан бирга, Чеченистон етакчиси Украина мавзусига ҳам тўхталиб ўтган. Қодиров Украина президенти Владимир Зеленский ҳамда унинг жамоаси «ўзини шундай тутадиган бўлса, Украинани аллақачон мамлакатимизга қўшиб олишимиз керак эди» деган. Қодировнинг таъкидлашича, бу унинг шахсий фикри.

Маълумот учун, 8 декабрь куни «ОВД-Инфо» лойиҳаси ходимлари Россия Давлат думасига «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунчиликни бекор қилиш талаби келтирилган петицияни топширган. Мазкур петицияга 260 минг киши, шунингдек, 200 дан ортиқ ОАВ, НТТ, таълим ва хайрия ташкилотлари, шу жумладан, Meduza нашри ҳам имзо қўйган.

Эслатиб ўтамиз, октябрь охирида АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари, шунингдек, Украина Россияни «мустақил журналистлар ва оммавий ахборот воситаларига нисбатан таъқиблари кучайгани» учун танқид қилганди. Уларнинг фикрича, Россия ҳукумати россияликларнинг мустақил журналистикадан фойдаланишини чекламоқчи ва шу мақсадда мамлакатда хорижий ОАВ агентлари тўғрисида қонун жорий қилган.