Наманган шаҳрида жойлашган чевархоналардан бирида 30 декабрь куни ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Наманган вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар қилди.

Фото: Наманган вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси

Маълум қилинишича, шу куни соат 12:09 да шаҳар ФВБ бўлимига «Озод» маҳалласи А.Хўжаев кўчасида жойлашган хусусий корхонага қарашли чевархонада ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида маълумот келиб тушган.

Ёнғин қутқарувчилари воқеа жойига 12:14 да етиб борган, соат 12:16 да ёнғин жойи ўраб олинган. 12:45 да ҳолат бартараф этилган.

Фото: Наманган вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси

Ёнғин оқибатида чевархона биносининг шифт ва ички қисмидан 70 квадрат метр жойи, тайёр ва яримтайёр маҳсулотлар, 6 дона тикув машинаси, 1 дона компьютер ҳамда ҳужжатлар ёниб зарарланган. Фуқароларнинг тан жароҳати олиши ва ҳалок бўлиши ҳолатлари кузатилмаган.

Фото: Наманган вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.