Фарғона вилояти Учкўприк туманида жойлашган ҳаммомда газ портлаши содир бўлди, дея хабар бермоқда ФВВ.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 31 декабрь куни соат 17:00 да Фарғона вилояти Учкўприк тумани «Қораянтоқ» МФЙ Қораянтоқ қишлоғида жойлашган ҳаммомда газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши юзага келган. Оқибатда ҳаммом биносининг том қисми қулаб тушган.

Воқеа жойига вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ёнғин-қутқарув гуруҳи зудлик билан етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларини олиб борган. Ушбу ҳодиса оқибатида уч нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган, тўрт нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олиб, туман шифохонасига жойлаштирилган.

Шунингдек, ҳодиса жойига ФВБ, ИИБ, ССБ, прокуратура ва бошқа тегишли хизмат ходимлари етиб борган. Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.