29 декабрь куни Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида содир бўлган ёнғин оқибатида бир фуқаро ҳалок бўлди, деб хабар беради вилоят ФВБ матбуот хизмати.

Фото: Фарғона вилояти ФВБ матбуот хизмати

Маълум қилинишича, соат 10:31 да шаҳардаги 7-сонли ёнғинга қарши курашиш бўлимига «Алишер Навоий» маҳалласи, Мустақиллик кўчаси 525-уй 40-хонадонда ёнғин бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.

Ёнғин-қутқарувчилар воқеа жойига 10:34 да етиб борган ва ёнғин 10:38 да тўлиқ ўчирилган. Ёнғин оқибатида 4 квадрат метр жойдаги уй жиҳозлари ёнган, шунингдек, 53 квадрат метр жой сақлаб қолинган.

Фото: Фарғона вилояти ФВБ матбуот хизмати

Содир бўлган ёнғинда уй эгаси фуқаро А.К куйиш натижасида воқеа жойида вафот этган.

Ёнғин хонадон эгаси томонидан носоз электр кабелларидан белгиланмаган тартибда уйнинг пол қисмидаги гилам тўшамаси устидан тортилгани, электр кабелга меъёридан ортиқ юкланиш тушгани оқибатида келиб чиққани айтилмоқда.

Фото: Фарғона вилояти ФВБ матбуот хизмати

Аввалроқ Намангандаги хонадонда юз берган ёнғинда хонадон эгаси ва унинг фарзанди ҳалок бўлгани, Самарқандда шам ёқиб дарс қилаётган бола ухлаб қолиши оқибатида кўп қаватли хонадонда ёнғин содир бўлгани, Сурхондарёда ёнғин бўлаётган уйдан 5 киши қутқариб олингани тўғрисида хабар берилганди.