3 январь куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида шахматнинг рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Нодирбек Абдусатторовни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Тадбирда Абдусатторов «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланди. Мукофотни Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов топширди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов эса 17 ёшли шахматчига Тошкент шаҳридан 2 хонали уй калитини тақдим этди.

Туризм ва спорт вазири, бош вазир ўринбосари, шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов Нодирбек Абдусатторовни 250 миллион сўм билан мукофотлади.

Шунингдек, Абдусатторовнинг устозларига 100 миллион сўмдан, блиц йўналишида муваффақиятли иштирок этган Жавоҳир Синдоровга 50 миллион сўм пул мукофотлари берилди. Бундан ташқари, ЖЧ қатнашчилари Жаҳонгир Воҳидов ва Шамсиддин Воҳидов ҳам тақдирланди.

Нодирбек Абдусатторов 2017 йилда, 13 ёшида гроссмейстерлик унвонини олган. 2021 йил январь ҳолатига кўра, Абдусатторов шахмат тарихидаги энг ёш бешинчи гроссмейстер бўлиб турибди. У 2018 йилда Ўзбекистон терма жамоаси сафида Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида биринчи ўринни қўлга киритганди ва Президент совғаси — Spark автомобилини қабул қилиб олганди.

Қайд этиш керак, Абдусатторов Магнус Карлсенни мағлуб этган ўзбекистонлик иккинчи шахматчига айланди. 2018 йилда 16 ёшли Шамсиддин Воҳидов Санкт-Петербургда норвегиялик шахматчидан устун келганди.