Ўзбекистонда кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизими яратилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистоннинг 2022—2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони лойиҳасида белгилаб қўйилган.

Қайд этилишича, 2023—2026 йиллар учун Ўзбекистоннинг киберхавфсизлик стратегияси ишлаб чиқилади. Бунда «уз» домен зонаси интернет-маконининг киберхавфсизлигини таъминлашнинг асосий йўналишлари белгиланади. Электрон ҳукумат, энергетика, рақамли иқтисодиёт тизимлари ва муҳим ахборот инфратузилмасига тааллуқли бошқа йўналишларни ҳимоя қилиш бўйича комплекс вазифалар тузиб чиқилади.

Шунингдек, кибержиноятчилик учун жиноий жавобгарликни қайта кўриб чиқиш режалаштирилган. Ахборот майдонидаги киберҳужум ва таҳдидларни мониторинг қилиш тизими такомиллаштирилади. Бу орқали киберхавфсизлик ягона тармоғининг техник инфратузилмаси кенгайтирилади. «Кибернетикада инновациялар IT-парки» фаолиятини янада жадаллаштириш режалаштирилган.

IT-паркнинг ҳудудлардаги рақамли технологиялар ўқув марказлари негизида ёшларни киберхавфсизлик асослари бўйича ўқитилишини таъминлаш ҳамда ҳар йили талаба ва ўқувчилар орасида киберҳужумлар аниқлаш бўйича республика миқёсида конкурслар ўтказиш назарда тутилган.