Пойтахт кўчаларида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходимлари томонидан маст ҳолда автомобиль бошқарган аёл аниқланди. Бу ҳақда UzReport телеканали орқали узатилган эфирда маълум қилинди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, 3 январь соат 21:30 ларда Оҳангарон шоҳкўчасида қизил чироқда ўтган Spark автомобили ҳайдовчисини ЙПХ ходими тўхтатган. Инспекторларнинг сўзларига кўра, ҳайдовчи аёл рейд бўлаётганини кўриб, тўхтаган ва ЙПХ ходимлари келгунига қадар йўловчи ўриндиғига ўтиб олган.

Уч фарзанднинг онаси, ўзини болалар шифокори деб таништирган аёл ЙПХ ходимларининг хизмат машинасида тиббий экспертизага олиб борилган. Аммо у маст эканини тан олиб, ичкарига кирмасдан ўзи ёзиб бериши мумкинлигини айтган. Таъкидланишича, турмуш ўртоғининг ортидан пойлаб чиққан аёл рулга маст ҳолда ўтиришга мажбур бўлган.

«Шунақа бўлиб қолди, майли ‘оформит’ қилсин… Жазоси пул, бошқа ҳеч нарса эмас, тўғрими? «Решён» қилади, бўлди бошқа нима қилади?», — дейди аёл.

Аввалроқ Самарқандда маст ҳолда ИИБ ходимларининг хизмат машинасини ёқиб юборган эркакка суд ҳукми ўқилгани, Жиззахда 18 ёшли йигит маст ҳолатда ўғирлаган машинасида ЙТҲга учрагани, Сурхондарёда ЙПХ ходимини Lacetti капотида судраб кетган ҳайдовчи қамоққа олингани тўғрисида хабар берилганди.