Тошкент шаҳрида ЙҲХ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмай, қочишга уринган Malibu автомобилни тўхтатишда ўқотар қуроллардан фойдаланилди, деб хабар беради ИИВ матбуот котиби.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, 7 январь куни соат 15:00 ларда Юнусобод тумани Янги шаҳар кўчаси бўйлаб кучли даражадаги маст бўлган, фуқаро А.А. (1976 йилда туғилган) Malibu автотранспортида шу ерда хизмат ўтаётган ЙҲХ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, ўзгаларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солган ҳолда қочишга уринган.

Ходимлар ҳайдовчининг ноқонуний ҳаракатлари натижасида юзага келиши мумкин бўлган оғир оқибатларнинг олдини олиш мақсадида белгиланган тартибда ўқотар қурол қўллаган.

Натижада автотранспорт воситаси мажбурий тўхтатилиб, ҳайдовчи зарарсизлантирилган. Қурол қўлланилиши натижасида ҳеч ким жароҳатланмаган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда ҳам Тошкентда ЙПХ инспектори маст ҳайдовчини ушлаш учун унга қарата ўқ узишга мажбур бўлганди. 2021 йилнинг январида эса Қатортолда калтак еган ППХ ходими фуқарога қарши ўқотар қурол ишлатмоқчи бўлган, уни муштлашувни бошлаган ЙПХ ходими тўхтатиб қолган эди.