«Роскосмос» Апофис астероидининг Ер билан тўқнашуви эҳтимолини «жуда паст» деб баҳоламоқда. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: Fotolia

«Роскосмос» ўз хулосасида Амалий математика институти маълумотларига таянган. 2021 йилда институт 106 та астероид ва 31 та комета устидан 5797 та ўлчов ишлари олиб борган.

«Кузатувлар натижалари Апофиснинг орбитал ҳаракати параметрларини аниқлаб берди. Бу унинг Ерга яқинлашиши ҳақидаги узоқ муддатли прогнозларга ишончни оширди. Натижа тўқнашув эҳтимоли жуда-жуда кичик», — дейилади муассаса хабарида.

Олимлар, шунингдек, янги 2021 UL17 астероиди Ерга яқинлашиб келаётгани аниқлангани ҳақида маълумот олган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, у 2095 йил 5 апрелда сайёрага хавфли даражада яқинлашиш мумкин. Ҳозирча тўқнашув эҳтимоли 0,02 фоиз.

Апофис астероиди 2004 йилда кашф этилган. Олимлар унинг 2068 йилда Ер билан тўқнашишига ишонганди, бироқ NASA кейинги 100 йилда ҳеч қандай хавф йўқлигини маълум қилган.

Декабрь ойи ўрталарида NASA янги Sentry-II астероид мониторинги технологиясини, шунингдек, Eyes on Asteroids сайтини тақдим этди, бу ерда шу пайтгача топилган астероидларнинг барчаси ҳақида маълумот олиш мумкин. Маълумотлар доимий равишда янгиланади. Агентлик шу тарзда фойдаланувчиларнинг объектлар Ерга қанчалик яқин учишини реал баҳолай олишига умид қилмоқда, чунки оммавий ахборот воситаларида космик жисмлар кўпинча хавфли деб аталади.