АҚШ администрацияси Украинага қўшимча 200 миллион долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатишни маъқуллади. Бу ҳақда CNN мухбири Кайли Этвуд ўзининг тўртта манбасига таяниб, маълум қилди.

Фото: Global Look Press

«АҚШ президенти Жо Байден администрацияси махфий равишда 2021 йил декабрь охирида Украинага қўшимча 200 миллион долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатишни маъқуллаган», — деб ёзади Этвуд Twitter’даги саҳифасига.

Янги чора-тадбирлар пакетига айнан нималар киритилгани айтилмаган.

11 декабрь куни NBC АҚШ Украинага 200 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетини тайёрлаганини маълум қилганди, бироқ Россия ва Украина ўртасидаги вазиятни дипломатик тартибга солишга имконият тақдим этиш мақсадида унинг етказиб бериш жараёни тўхтатилган. Шу билан бирга, Америка администрацияси бошқа ҳарбий ёрдам чораларини кўриб чиққан, жумладан, Россиянинг босқинчилиги оқибатида пакетни кенгайтиришни.

Байден 7 декабрь куни Владимир Путин билан ўтказган видеоконференциясида Россия босқинчиликни амалга оширадиган бўлса, Вашингтон Киевга ҳарбий ёрдамни кучайтиришини маълум қилганди.

Декабрь ойида Украина давлат чегара хизмати АҚШ Россия ва Беларусь чегарасини мустаҳкамлашга 20 миллион доллар ажратишини билдирган эди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен январь бошида НАТО Россия Украинага ҳужум қиладиган бўлса, у билан чегарадош мамлакатлардаги позициясини мустаҳкамлашини айтганди. Қўшма Штатлар вазият кескинлашса, Шарқий Европа мамлакатларига ҳарбийларни юбориши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Украина билан чегарада Россия қўшинларининг тўплангани ҳақидаги маълумотлар октябрь ойида Ғарб ОАВларида пайдо бўлишни бошлаган. Ноябрь ойи ўрталарида Украина президенти Владимир Зеленский чегарада 100 минг Россия қўшини борлигини маълум қилган. АҚШ Давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланд Россиянинг Украинага «бостириб кириши» 2022 йил бошида содир бўлиши мумкинлигини айтган.

Москва бу маълумотларни рад этиб, Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик ҳақидаги хабарларни «қуруқ, асоссиз кескинлик» деб атамоқда. Қолаверса, Россия Ғарб давлатларидан НАТОнинг шарққа томон кенгаймаслиги, Украина эса бу ташкилотга қабул қилинмаслиги ҳақида кафолат талаб қилган.