Америкалик тадбиркор Илон Маскнинг SpaceX компанияси ўзининг тижорий дастури доирасида хусусий ва давлат сунъий йўлдошларига эга ракетасини учирди, улар орасида Украинанинг «Сич-2-30» аппарати ҳам мавжуд. Meduza’нинг ёзишича, ракетанинг учирилиш трансляцияси компания сайти орқали амалга оширилган.

Фото: «РИА Новости»

Falcon 9 элтувчи ракетаси Флоридадаги Канаверал бурнида жойлашган космодромдан Тошкент вақти билан соат 20:25 да учирилган. У дунёнинг 20 мамлакатига тегишли 105 та сунъий йўлдошни орбитага олиб чиққан бўлиб, ҳар бир аппаратнинг оғирлиги 200 килограммдан ошмайди.

«Сич-2-30»ни яратиш устидаги ишлар билан 2017 йилдан буён «Южноe» конструкторлик бюроси шуғулланиб келаётганди. Сунъий йўлдош Ер юзасини тасвирга олиш учун мўлжалланган ва уч йил давомида ишлай олади. Аппаратни учириш Украина давлат космик агентлигига 1,99 миллион долларга тушган.

Украина охирги марта орбитага ўзининг сунъий йўлдошини 2011 йилда учирган эди. Ўшанда «Сич-2» Оренбург вилоятидаги «Ясний» космодромидан «Днепр-1» элтувчи ракетаси ёрдамида учирилганди. Аппарат бир йилдан ортиқ ишлаб, қувватлантириш элементидаги муаммо сабаб алоқага чиқмай қўйган. «Сич-2-30» — бу «Сич-2»нинг модификация қилинган варианти.