Ерга 7482 (1994 PC1) астероиди яқинлашиб келмоқда. У сайёрадан салкам 2 миллион километр узоқликдан учиб ўтади, бу Ер ва Ой орасидаги масофадан тахминан беш баробар кўп демак, деб хабар беради NASA.

Фото: NASA

Астероиднинг ўртача диаметри 1052 метрга тенг. NASA таснифига кўра, астероид «потенциал хавфли» объект ҳисобланади.

Аммо агентликнинг маълум қилишича, у камида яқин 100 йил ичида сайёрага ҳеч қандай хавф туғдирмайди.

Мазкур астероид Ерга 1993 йилдан буён максимал даражада яқинлашган осмон жисми ҳисобланади. NASA ҳисоб-китобларига кўра, у бундан 29 йил олдин сайёрадан 1,1 миллион километр узоқликдан ўтган. Шунингдек, NASA астероид 2022 йилнинг июлида яна Ер яқинидан, бироқ узоқроқ масофадан учиб ўтишини маълум қилган. Кейинги сафар у Ерга 2025 йилнинг 18 январида яқинлашади — 2,3 миллион километр узоқликдан учиб ўтади.

Аввалроқ «Роскосмос» Апофис астероидининг Ер билан тўқнашуви эҳтимолини «жуда паст» деб баҳолаган эди. Декабрь ойи ўрталарида NASA янги Центрй-II астероид мониторинги технологиясини, шунингдек, Eyes on Asteroids сайтини тақдим этди, бу ерда шу пайтгача топилган астероидларнинг барчаси ҳақида маълумот олиш мумкин. Маълумотлар доимий равишда янгиланади. Агентлик шу тарзда фойдаланувчиларнинг объектлар Ерга қанчалик яқин учишини реал баҳолай олишига умид қилмоқда, чунки оммавий ахборот воситаларида космик жисмлар кўпинча хавфли деб аталади.