Украина президенти Владимир Зеленский Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон билан телефон орқали мулоқот қилди. Украина раҳбарининг таъкидлашича, улар «кескинликни пасайтиришга оид қадамлар ҳақида» фикр алмашган.

Фото: President.gov.ua

«Борис Жонсон билан самарали суҳбат бўлди. Биз Украина атрофидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилдик», — деб ёзган Зеленский Twitter’да.

Унинг сўзларига кўра, суҳбат чоғида хусусан, Украинада тинчликка эришиш йўллари муҳокама қилинган. «Кескинликни пасайтириш бўйича эҳтимолий қадамлар ҳақида фикр алмашдик. Тинчликка эришиш учун умумий саъй-ҳаракатларни амалга оширамиз», — таъкидлаган Зеленский.

Украина раҳбари Британия бош вазирига Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлагани учун яна бир бор миннатдорлик билдирган.

Буюк Британия Украинадаги энг йирик инвесторлардан бири ҳисобланади. 2020 йилда қироллик Украина иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритиш бўйича Швейцариядан кейин иккинчи мамлакатга айланди.

2020 йил октябрь ойида томонлар 1,25 миллион фунт стерлинг миқдорида ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича меморандумни имзолаган эди. 2021 йил июнь ойида икки давлат денгиз соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олди. Октябрь ойида Украина Буюк Британия кўмагида иккита янги ҳарбий-денгиз базасини қуришни бошлаганини маълум қилди.

Киев Лондондан миналарга қарши иккита кема олиши кутилмоқда. 2021 йил ноябрь ойида томонлар Украина флотини қўллаб-қувватлаш бўйича 1,7 миллиард фунт стерлинг (тахминан 2,3 миллиард доллар) миқдоридаги кредит шартномасини имзолаган. Украина, хусусан, 2024 йил охиригача Британия компаниялари билан денгиз флотининг ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган шартномаларнинг барчасини тузиши керак бўлади. 2021 йил 8 декабрда эса Буюк Британия Украинани қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 1 миллиард фунт стерлинг ажратиши маълум бўлди.

13 январь куни «Интерфакс» Пентагон раҳбари Ллойд Остин Украина мудофаа вазири Алексей Резников билан музокара ўтказгани ҳақида хабар берди, улар Россия-Украина чегараси яқинида Россия қўшинларининг тўпланиши масаласини муҳокама қилган.

Мудофаа вазири Ллойд Остин украиналик ҳамкасби билан Россиянинг Украина яқинида ҳарбий жиҳатдан сабабсиз ва давомли кучайишини муҳокама қилган. Остин АҚШнинг Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, жумладан, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини сўзсиз қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаган.

Шунингдек, томонлар кескинликни юмшатиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаши ва яқиндан ҳамкорликни давом эттиришга интилишини билдирган.