Швеция ҳукумати «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг жангарилари Малига келгани муносабати билан Takuba террорчиликка қарши кураш миссиясида қатнашишдан бош тортишга, унда иштирок этаётган ҳарбийларини 2022 йил давомида Малидан олиб чиқишга қарор қилди. Бу ҳақда Швеция ташқи ишлар вазири Анн Линде Францияда пайти журналистларга маълум қилган.

Фото: Armenpress

Худди шу сабабга кўра, Швеция Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Малидаги тинчликпарвар миссиясида иштирок этиш масаласини ҳам қайта кўриб чиқади. Ҳозирча бу савол очиқлигича қолмоқда, дейди вазир.

« ‘Вагнер’ гуруҳи ўша ерда эканидан хабаримиз бор, агар улар ўз таъсир доирасини кенгайтирса, у ҳолда бунчалик кўп сонли қўшин билан операцияни давом эттира олмаймиз», — деб тушунтирди Анн Линде.

2020 йилда Швеция парламенти Takuba операциясида иштирок этиш учун Малига 150 нафаргача ҳарбий хизматчиларни юборишга рухсат берган, БМТ миссиясига 250 га яқин швед ҳарбий хизматчилари жалб қилинган. Линденинг айтишича, парламент февраль ойида Малидаги вазиятни қайта муҳокама қилади.

Takuba миссияси Франция қуролли кучларининг Саҳел (Африка ) ҳудудидаги аксилтеррор операциясини қисман давом эттирди. Takuba миссияси Мали хавфсизлик кучларига қуролли жангариларга қарши курашда ёрдам берадиган 14 та Европа давлатининг ҳарбий ва логистика салоҳиятидан фойдаланишни ўз ичига олади. Париж илгари Takuba’га аъзо айрим давлатлар «Вагнер» кучларининг Малига келишидан хавотир билдирганини тасдиқлаган. Франция ва АҚШ Малида ушбу гуруҳнинг пайдо бўлишига бир неча бор қаршилик қилган.

Маълумот учун «Вагнер» гуруҳи норасмий қуролли тузилма бўлиб, оммавий ахборот воситаларида у кўпинча Россиянинг хусусий ҳарбий компанияси деб аталади. Таъкидланишича, гуруҳ 2014 йилдан Украинада, кейин эса Сурияда фаолият юритган. Аввалроқ Россия ТИВ вакили «Вагнер» фаолиятига давлатнинг алоқаси йўқлиги, бу шахсий кампания экани ва капитализм шароитида «ҳар ким қўлидан келган усулда пул топишини» айтган.

Мали атрофидаги вазиятнинг кескинлашуви 2020 йилдаги давлат тўнтариши ортидан бошланди, шундан сўнг Ғарбий Африка давлатлари ўз чегараларини ёпди, дипломатик муносабатларни узди ва Малига қарши иқтисодий санкциялар жорий этди, бу АҚШ ва Франция томонидан қўллаб-қувватланди.

Европа Иттифоқи аввалроқ «Вагнер» ва унга алоқадор бир қатор шахс ва ташкилотларга нисбатан санкциялар киритган эди.