Андижон вилояти перинатал маркази ҳовлисида ўндан ортиқ дарахт вилоят ҳокими буйруғи асосида кесиб ташлангани тўғрисида хабар берилганди. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мазкур ҳолат бўйича қўшимча маълумотлар билан бўлишди.

Фото: Давлат экология қўмитаси

15 январь куни Андижон Ободонлаштириш бошқармаси вилоят перинатал маркази ҳудудидаги 12 та дарахтни кесиб ташлаган. Вилоят ҳокимлиги дарахтлар Андижон ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг буйруғи билан кесилганини рад этган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Андижон шаҳар Перинатал маркази ҳудудида 12 туп Элдор қарағайи дарахтлари мораторий талабларига зид равишда ноқонуний кесилган. Элдор қарағайи (Pinus eldarica) «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг рўйхати»га жуда чиройли манзарали дарахт сифатида киритилган.

Дастлабки ўрганишлар натижасига кўра, ҳудуддаги дарахтлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органи билан келишилмаган ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг хулосаси ва рухсати олинмаган.

«Мазкур қурилиш объекти Давлат инвестиция дастурига киритилган бўлиб, ташкилот раҳбарияти томонидан унинг ҳудудидаги дарахтларни кесишга рухсатнома олиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилинган. Лекин ушбу мурожаат натижасини кутмасдан, қонунга зид равишда ўзбошимчалик билан бугун тунда ушбу мудҳиш ҳуқуқбузарлик ҳолати содир этилган», — дейилади хабарда.

Ўрганишлар давомида кесилган дарахтларнинг диаметр ўлчамлари 12 сантиметрдан 40 сантиметргача экани, дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш натижасида ўсимлик дунёсига кўп миқдорда зарар етказилгани қайд этилган.

Фото: Давлат экология қўмитаси

«Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилади», — дейилади қўмита баёнотида.

Аввалроқ Ўзбекистонда ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларини фото ва видеотасвирга олиб жўнатган фуқароларга пул тўланиши хабар қилинганди. Фуқаролар ҳар бир тасдиқланган ҳолат бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварига тенг маблағ билан рағбатлантирилади. Шунингдек, мамлакатда дарахт кесишга мораторий муддатсиз даврга узайтирилган.