Қобилият ота-онадан мерос бўлади ва ижодкорнинг фарзандлари ҳам шу соҳани танлашади, дейишади. Аммо бу фикр ҳар доим ҳам тўғри бўлавермайди. Санъат вакиллари орасида ота-онаси санъатга мутлақо бегона бўлганлар ҳам бор. Келинг, уларнинг айримлари билан танишамиз.

Озода Нурсаидова

Фото: Instagram / @ozodaofficial

«Онам автобазада диспетчер бўлиб ишлаган. Дадам эса подполковник бўлиб, узоқ йиллар ички ишлар тизимида фаолият юритган. Ҳозир уларнинг иккиси ҳам нафақада»,  — дейди хонанда Озода Нурсаидова.

Муҳаммадали Абдуқундузов

Фото: Муҳаммадали Абдуқундузовнинг шахсий архивидан. Актёр отаси билан.

«Отам раҳматли чойхоначи бўлган. Фарғонадаги уйимизда катта чойхона бўлган, мижозлар тонгдан то кечки шомгача келишарди. Онам идишларни ювиш, отам эса самовар ишлари ва овқат қилиш билан банд эди», — дейди актёр Муҳаммадали Абдуқундузов.

Нигора

Фото: Instagram / @nigoraaarogin

«Отам раҳматли автобус ҳайдовчиси бўлган. Онам эса болалар шифокори бўлиб ишлаган. Улар катта даромадли соҳада ишлашмаган бўлса ҳам, беш фарзандни бировдан кам қилмай катта қилишган», — дейди Нигора.

Ситора Фармонова

Фото: Instagram / @sitorafarmonovaofficial

«Онам эсимни таниганимдан буён уй бекаси. Отам эса шу кунгача фақат тадбиркорлик билан шуғулланган. Ҳозир ҳам отамнинг шахсий бизнеси бор», — дейди актриса.

Зиёда

Фото: Instagram / @ziyodamusic

«Аввал оиламиз ошпазлик билан шуғулланган. Бунга сабаб онам тамаддихонада ошпаз бўлиб ишлаган. Кейинчалик овқат бизнеси билан ҳам шуғулланишган», — дейди Зиёда.

Интизор Тожибоева

Фото: Instagram / @madina_tadjibayeva

«Онамнинг санъатга алоқаси йўқ. У бир неча йилдан буён рус бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ беради. Онам катта тажрибага эга, меҳрибон устоз эканлигидан фахрланаман», — дейди ёш актриса Интизор Тожибоева.

Луиза Расулова

Фото: Instagram / @luiza_rasulova

«Онам анча йил болалар шифокори бўлиб ишлаган. Дадам эса  жамоат тартибини сақловчи ички ишлар ходими бўлган», — дейди актриса.

Суғдиёна Азимова

Фото: Instagram / @sugdiona_aziimovaa

«Онам анча йил агроном-механизатор бўлиб ишлаган. Ҳозирги кунда эса уй бекаси, энди ишлашларига зарурат йўқ», — дейди Суғдиёна Азимова.

Нигора Каримбоева

Фото: Instagram / @nigorakarimbayeva_

«Дадам педагог бўлиб, қурилиш коллежида фаолият юритган. Онам эса архитектор бўлган, аммо оилавий шароит сабаб ишдан бўшашга мажбур бўлган. Фақат хафа бўлмайсиз, шахсий расмларни оммага кўрсатолмайман. Оиламизда бу та’қиқланган», — дейди актриса.

Ҳалима Ибрагимова

Фото: Instagram / @xalimaxonim

«Онам оддий уй бекаси бўлган. Дадам эса дастлаб қурилишда оддий ишчи бўлиб ишлаган. Ундан кейин 7-автокорхонада бош муҳандис лавозимигача фаолият юритган. Афсуски, уларга нафақа гаштини суриш насиб этмади. Анча эрта вафот этишди», — дейди актриса Ҳалима Ибрагимова.

Умидахон

Фото: Instagram / @umidaxonhojieva

«Аслида, ота-онамнинг икковлари ҳам санъаткор бўлишган, аммо улар яккахон сифатида ижод қилишолмаган. Отам ‘Шодлик’ ансамблида хонанда бўлиб, онам эса узоқ йиллар Ўзбекистон радио телевидениесидаги хор жамоасида фаолият юритган», — дейди хонанда Умидахон.