Республика Гидрометеорология маркази ҳафта давомида кузатиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.

Фото: «Дарё» / Ҳаёт Шамсутдинов

Унга кўра, 17—18 январь кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича беқарор об-ҳаво сақланиб туради, бундай ҳолат Эрон ҳудудларидан иссиқ ва жуда нам ҳаво массалари кириб келиши билан боғлиқ. Республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин. Шимолда ёғингарчилик (ёмғир қорга айланади) бўлади. Ҳаво ҳарорати кечаси 3-8 даража илиқ, кундузи 5-10 даража илиқ, баъзи жойларда ҳаво очиқ бўлганда 12 даража илиққача, шимолда кечаси 3-8 даража совуқ, кундузи 3 даража совуқ 2 даража илиқ атрофида бўлади.

19 январь, чоршанба куни эрталаб республика бўйича ёмғир жадаллиги пасая бошлайди, лекин кундуз куни совуқ фронт ўтишида айрим ҳудудларда ёмғир қорга айланиши мумкин. Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида кечаси ва эрталаб баъзи жойларда бироз қор ёғиши кузатилади. Республика бўйича ҳаво ҳарорати кечаси 3 даража совуқ 2 даража илиққача, кундузи 5-8 даража илиққача пасаяди.

21 январь, пайшанба куни Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кечаси 3 даража совуқ 2 даража илиқ, кундузи 7-10 даража илиқ бўлган қуруқ ва бироз булутли об-ҳаво кутилмоқда.

22 январь, жума куни Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизидан бироз нам ва нисбатан совуқ ҳаво массаси кириб келади. Республика бўйича баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин, шимолда бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати 0-5 даража илиқ, баъзи жойларда 2 даража совуққача, кундузи 5-10 даража илиқ бўлади.

Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши мумкин.