Хитой 2022 йилги илк орбитал учириш доирасида «Шиянь-13» экспериментал сунъий йўлдошини Ер орбитасига муваффақиятли олиб чиқди. Бу ҳақда Хитой аэрокосмик фан ва технология корпорацияси (CASC)га таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Фото: Радиометро

«17 январь куни Пекин вақти билан соат 10:35 да (Тошкент вақти билан 07:35) Тайюань космодромидан учирилган «Чанчжэн-2D» ракета-ташувчиси ёрдамида «Шиянь-13» космик аппарати мўлжалланган орбитага чиқарилди. Миссия тўлиқ муваффақиятли ўтди, деб тан олинди », — дейилади корпорация баёнотида.

CАSC маълумотларига кўра, «Шиянь-13» коинотни кузатиш ва тегишли технологияларни синаб кўриш учун мўлжалланган.

Икки босқичли «Чанчжэн-2D» ракета-ташувчиси Шанхай космик технологиялар академияси (SАSТ) томонидан сунъий йўлдошларни Ернинг қуйи орбитасига чиқариш учун ишлаб чиқилган. Ишлаб чиқувчиларнинг маълумотларига кўра, шунингдек, у 1300 килограммгача фойдали юкни тахминан 645 километр баландликдаги қуёш-синхрон орбитага олиб чиқишга қодир.

Аввалроқ америкалик тадбиркор Илон Маскнинг SpaceX компанияси ўзининг тижорий дастури доирасида хусусий ва давлат сунъий йўлдошларига эга ракетасини учиргани, улар орасида Украинанинг «Сич-2-30» аппарати ҳам мавжудлиги ҳақида хабар берилганди. Украина охирги марта орбитага ўзининг сунъий йўлдошини 2011 йилда учирган эди.

Эслатиб ўтамиз, декабрь ойида Хитой Маскнинг Starlink сунъий йўлдошлари устидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотига шикоят қилган. Пекин баёнотига кўра, Starlink сунъий йўлдошлари Хитой космик станцияси билан камида икки марта «тўқнашиб кетай деган».