Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини янада кенгроқ тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш мақсадида 1hls мобил иловаси амалиётга татбиқ этилган. Унинг асосий мақсад ва вазифалари нимадан иборат, қандай фойдалари бор ёки бугунга қадар у билан боғлиқ нима муаммолар юзага келди? «Дарё» бу ҳақда сўз юритади.

Фото: «Дарё»

2020 йил 30 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёевнинг «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Унга мувофиқ, аҳоли орасида кунлик юриш ва югуришни оммалаштириш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» — www.1hls.uz платформаси яратилиши ва 2021 йилнинг 1 март санасидан бошлаб ишга туширилиши белгиланган. Бироқ платформа 2021 йилнинг июнь ойида тест режимида амалиётга татбиқ этилган.

Мобил дастур «1hls.uz» сайти орқали iOS ва Android’лар учун юклаб олиниб, OneID аккаунти орқали рўйхатдан ўтилади. Фойдаланувчи дастурнинг керакли қисмларига ўзи ҳақидаги маълумотларни (бўйи, оғирлиги, яшаш жойи) киритиши ва дастурга юрилган қадамларни кузатиш имкониятини бериши керак.

Платформада ҳар бир фойдаланувчининг шахсий электрон ҳамёни бўлади. Ўзбекистон ҳудудида бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросига 3 минг сўмдан бериб борилиши кўзда тутилган.

Ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўмдан, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга эса 1 миллион сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилиши белгиланган.

Пул қаердан ажратилади?

Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, «Соғлом турмуш тарзи» платформаси алкоголь ва сигарет сотувчиларидан олинадиган махсус йиғим ҳисобидан молиялаштирилади. 1 июндан бошлаб, тўловлар «Соғлом турмуш тарзи» платформаси ҳисобига тегишли бюджет таснифлаш кодлари асосида очилган шахсий ғазна даромадлари ҳисобварағи орқали тўпланиши айтилган. Йиғимлар алкоголь (пиво, ароқ) ҳамда тамаки маҳсулотларининг сотилган ҳажмидан келиб чиқиб, қуйидагича миқдорда ундирилади:

Фото: Давлат солиқ қўмитаси

Йиғимлар «Соғлом турмуш тарзи» платформасининг ҳисобрақамига ҳар ойнинг 10-санасига қадар ўтказилади.

Фойдаси ва муаммолари ҳақида

Илова яратилишидан асосий мақсад — фуқароларнинг оммавий спорт турлари ва жисмоний меҳнат билан шуғулланиши, зарарли одатлардан воз кечиши, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя қилишига ёрдам беришдан иборат. Бундан ташқари, уни яратишда таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган, шунингдек, хамирли маҳсулотларни, ширинликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш оқибатида тўпланаётган энергия калорияси ва уларни сарфлашга қаратилган жисмоний ҳаракатларни одатий кундалик меъёрларга айлантириш ҳамда соғлом турмуш тарзини рағбатлантириш ҳам кўзда тутилган.

Бу мақсадларга қисман бўлса-да эришилди. Ўз соғлиғи учун қадам босиб, моддий рағбатлантиришга эга бўлиш, албатта, кўпчиликнинг эътиборидан четда қолмади.

Атиги бир бекат нарига машина тўхтатадиган дангасалар учун ҳам 10 минг қадам ва 3 минг сўм пул, қандайдир маънода, мотивация бўлди ва улар манзилига ҳатто узоқроқ йўлдан пиёда борадиган бўлди.

Бир кунлик (10 минг қадам учун) тушириладиган пул камдай туюлса-да, ойлик режани ортиғи билан бажариб, мўмайгина даромад ишлаб олганлар ҳам бўлди. Ва бу пулга осон йўл билан эришмоқчи бўлганлар ҳам етарлича топилди.

Бироқ иш бор жойда камчилик ҳам бўлади, деганларидек, лойиҳа йўлга қўйилганидан бери кўзга ташланадиган ва сезилмас муаммолар юзага келди. Уларнинг баъзиларига ечим топилган, баъзилари эса ҳамон муаммолигича қолмоқда.

Масалан, юқорида ушбу дастур 1hls.uz сайти орқали юклаб олиниши мумкинлиги айтилган. Аммо сайт маълум муддат ишламади. Платформа ва унинг фойдаланувчилари эришган натижалар ҳақида янгиликлар сайтлари 1hls.uz сайтига таянган.

Табиийки, у ишламагач, маълумотлар ростлиги бўйича ўқувчиларда шубҳа пайдо бўлади. Бу эса нафақат иловага, балки 1hls.uz’ни манба сифатида кўрсатган бир қанча янгиликлар сайти ўқувчиларида ишончсизликни келтириб чиқаради.

Қолаверса, уни App Store ёки PlayМаркетъдан эмас, сайт орқали юклаб олмоқчи бўлган фойдаланувчилар ҳафсаласини пир қилиши мумкин. Бу бевосита унинг фойдаланувчилари сонига сезиларли таъсир кўрсатмай қолмайди.

Фото: «Дарё» 

1hls сайтининг 2022 йил 11 январь соат 18:50 ҳолатига кўра скриншот

Мобил дастур 2021 йил 26 май куни чиқарилган. Android версияси бугунга қадар 1 миллиондан ортиқ марта юклаб олинган. Дастур рейтинги 5 юлдуздан 4 та тўплаган. iOS версияси эса 5 юлдуздан 2 та юлдуз тўплаган.Android фойдаланувчилари илова остида етарлича негатив фикрлар, шикоятлар қолдирган. 7 январь куни бир фойдаланувчи илованинг 1 ойдан бери пул бермаётгани, ҳар 5-6 кунда иловадан чиқилмаган бўлса-да, бошқатдан рўйхатдан ўтишга тўғри келиши ва ўз-ўзидан ўчиб қолишидан шикоят қилиб, унга ҳатто 1 юлдузчалик баҳо ҳам кўплигини айтган. Баъзилар эса дуч келган муаммоларига ечим топиш мақсадида иловада кўрсатилган рақамларга қайта-қайта қўнғироқ қилиб ҳам улана олмаганини ёзади.Туризм ва спорт вазирлиги спорт йўналишидаги сайтида 2021 йил 14 сентябрдан бошлаб мобил илова бўйича фойдаланувчиларга тўловлар вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берган.У хабар қисқа муддат ичида сайтдан ўчирилган. Кейин эса, ўша вазирликнинг ахборот хизмати ходими мазкур хабарни нотўғри етказганини айтиб, узр сўраган ҳолда, платформа яна одатий тарзда ишлашни давом этаётганини маълум қилган.Хабарда иловадаги хатоликлар ростдан ҳам мавжуд бўлишига қарамай, уни расмий эълон қилган ходимга тегишли огоҳлантириш берилгани айтилган.2021 йил 5 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев «Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва Workout спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаган.

Унга кўра, Молия вазирлиги «Соғлом турмуш тарзи» платформаси орқали амалга ошириладиган тўловларни 2022 йил учун давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини, ҳамда 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат бюджети маблағлари ҳисобидан уларни тўлиқ ҳажмда тўлаб берилишини таъминланиши белгиланган. Бироқ ушбу қарорнинг ижроси тўлиқ бажарилмаганини «Daryo.uz» интернет нашри ўқувчилари томонидан унинг Telegram-ботига келган фикрлар орқали ҳам билиш мумкин.

Фото: «Дарё»

«Дарё» ботига ўқувчилардан келган фикрлар

App Store’да мобил дастурнинг рейтинги ҳозирча иккита юлдуз тўплаган. iOS мобил қурилма эгалари электрон ҳамёнга йиғилган пулларни пластик карталарига улашда муаммолар юзага келган ва ушбу муаммо ҳалигача ечимга эга эмас. Бу ҳақда фойдаланувчилар App Store’да мобил илова остидаги изоҳларида ҳам айтиб ўтади:

Фото: «Дарё»

Скриншот

Фото: «Дарё»

Скриншот

Бундан ташқари, ушбу дастур қадамларни ҳисоблашида ҳам хатоликлар кузатилган. Масалан, Android фойдаланувчилари бу иловадан фойдаланиши учун GoogleFit, iOS фойдаланувчилари эса Health иловасини ҳам юклаб олиши зарур.

У бўлмаса, босилган қадамлар ҳисобланмаслиги маълум. Бироқ бу икки иловадаги юрилган қадамлар сони бир-биридан сезиларли фарқ қилган.

«Дарё» ўқувчилари фикр-мулоҳаза, шикоят ва таклифларини ёзиб қолдирадиган «Дарё» Telegram-ботига, 1hls иловаси яна пул беришни бошлагани ҳақида хабар келди:

Фото: «Дарё»

12 январь кун «Дарё» Telegram-ботига келган хабардан скриншот

Фойдаланувчилар буни мамнуният билан билдиришидан ҳеч қанча ўтмай, Спорт ва туризм вазирлиги «Соғлом турмуш тарзи» (www.1hls.uz) платформасида 2022 йил 16 январдан бошлаб 3 минг сўм пул маблағ бериш тизими тўхтатилганини маълум қилди.

Хабарда қайд этилишича, энди Ўзбекистон ҳудудида бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги аҳолини янада кўпроқ рағбатлантириш йўлга қўйилади.

Бунда ҳар ҳафта якунлари бўйича иштирокчилар ўртасида 1 кишига 100 миллион сўм миқдорида пул мукофоти ёки 1 000 кишига велосипед соврини ваъда қилинган. Ғолиблар тасодифий танлаш йўли орқали аниқланади.

Бу ўзгаришлар мутахассислар ва жамоатчилик таклифларига асосан, аҳолини янада кўпроқ кунлик юриш ва югуришга жалб қилиш учун, 3 минг сўм ўрнига каттароқ совринлар қўйиш мақсад қилинган. Бу эса кимларнингдир одатдагидан янада кўпроқ юришига сабаб бўлса, бошқаларнинг ҳафсаласини пир қилган.

Фото: «Дарё»

«Дарё» Telegram-ботига 16 январь куни келган хабардан скриншот

Юқорида яхши натижалардан умид қилган «Соғлом турмуш тарзи» платформаси атрофида бугунга қадар пайдо бўлган муаммо ва унинг фойдали тарафлари ҳақида сўз юритилди. Илова аниқ мақсадларни ўз олдига қўйдими, муаммосиз, қулай, бир маромда ишлашини таъминлаш ҳам муҳим.

Унинг ҳалигача ҳал этилмаган камчиликларига тегишли соҳа вакиллари ва мутасаддиларнинг эътиборидан, фойдали ташаббусидан умид қилган ҳолда, хулоса ўзингиздан, деймиз.