Россия ва Ғарб муносабатларидаги кескинлик кучайгани фонида Канада махсус хизматларининг бир қисми Украинага жойлаштирилди. Бу ҳақда Global News телеканали ўз манбаларига таяниб, хабар берди.

Фото: Twitter / Canadian Forces

Телеканал маълумотларига кўра, гап «Канада махсус кучлари полкининг кичик контингентини» жўнатиш ҳақида кетмоқда. Манбаларнинг таъкидлашича, бу «НАТО иттифоқчиларининг Россия томонидан Украинага нисбатан амалга оширилаётган тажовузини ушлаб туришга уриниш ва Украина ҳукуматига ёрдам кўрсатиш йўлини аниқлаб» олишга қаратилган. Бундан ташқари, махсус кучлар «кенг кўламли босқинлар» амалга оширилгудек бўлса, канадалик дипломатларни эвакуация қилишга ёрдам беради.

Расмийлар Global News’нинг ушбу маълумотларини расман тасдиқламаган.

«Канада махсус операция кучлари қўмондонлиги Украина хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлаш бўйича кенгроқ ҳарбий саъй-ҳаракатларни амалга оширишнинг бир қисмидир», — дейди қўмондонлик матбуот котиби Эмбер Бино. Унинг қўшимча қилишича, канадалик инструкторлар украиналик ҳарбийларни 2020 йилдан буён ўқитиб келади.

Global News маълумотларига кўра, 2014 йилда мамлакат Киевга 700 миллион долларга яқин ёрдам ажратган.

Аввалроқ Канада ҳукумати «Россия тажовузкорлиги» сабаб ўз фуқароларини Украинага бормасликка чақирганди.

Эслатиб ўтамиз, 13 январь куни «Интерфакс» Пентагон раҳбари Ллойд Остин Украина мудофаа вазири Алексей Резников билан музокара ўтказгани ҳақида хабар берди, улар Россия–Украина чегараси яқинида Россия қўшинларининг тўпланиши масаласини муҳокама қилган.

Мудофаа вазири Ллойд Остин украиналик ҳамкасби билан Россиянинг Украина яқинида ҳарбий жиҳатдан сабабсиз ва давомли кучайишини муҳокама қилган. Остин АҚШнинг Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, жумладан, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини сўзсиз қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаган.

Шунингдек, томонлар кескинликни юмшатиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаши ва яқиндан ҳамкорликни давом эттиришга интилишини билдирган.